Фюри яхши формада эмас – Жалолов
Спорт
−
31 Октябрь 2023
7984Жорий йилнинг 28 октябрь кунида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида британиялик Тайсон Фюри ва камерунлик Франсис Нганну ўртасида 10 раундлик жанг ташкил этилди. Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов ҳам Саудияга бориб, бевосита жанголди тадбирларида иштирок этди ва Фюри-Нганну жангини аренадан кузатиб борди. QALAMPIR.UZ ўзбекистонлик чарм қўлқоп устасини яна қандай сабабларга кўра, Саудияга борганини очиқлади.
“Биз Саудия Арабистонига мамлакат кўнгилочар бош бошқармаси Турки ал-Шайх таклифига биноан бордик. У ерда барча чемпионлар бир дастурхон атрофида учрашиши режа қилинганди”, дейди олимпиада чемпиони.
Хўш, Саудиядаги тадбирлардан сўнг Жалоловнинг профбоксдаги фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлади?
“Шу йили 23 декабрь куни Фюри ва Усик ўзаро жанг ўтказиши керак эди ва мен ўша оқшомда рингга кўтарилишим режа қилинганди, бироқ Фюри-Усик жанги бекор бўлди. Ҳозирча декабрда жанг қилишим бўйича ҳеч қандай янгилик йўқ”, дейди Жалолов.
Шуниндек, ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Фюри-Нганну баҳсида ким тарафда бўлганини ҳам айтиб ўтди.
“Боксчи бўлганим учун Фюрини қўллаб-қувватладим, лекин Фюри яхши формада эмас. Нганнуга қарши жанг ҳам унинг бор кучини кўрсата олмаганини исботлайди. Нима бўлган тақдирда ҳам у WBC чемпиони ва шунга яраша жанг қилиши керак эди. Ўйлашимча, Фюри ўз формасида эмас ёки Нганнуга қарши яхши машғулот ўтказмаган. Авваллари у жуда яхши жанг қилар эди. Фюри кучсизланганини ўша куни аренага келган бошқа инсонлар ҳам айтди. Нганнуга ҳам 10 раундлик жанг учун алоҳида респект”, дейди Жалолов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жалолов Саудияда Роналду билан кўришгани ва у билан қисқа суҳбат қургани хабар қилинганди.