Футбол қиролининг 101 ёшли онаси вафот этди
Спорт
−
22 Июнь
7092Уч карра жаҳон чемпиони бразилиялик афсонавий футболчи Пеленинг онаси Селест Арантис 101 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Globo” портали хабар берди.
Манбага кўра, Арантис 21 июнь куни Сантосда вафот этган. У бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида касалхонада бўлган.
Арантиснинг ўлими бўйича расмий баёнотни Пеле фаолиятининг катта қисмини ўтказган “Сантос” футбол клуби эълон қилди.
“Бу 101 йиллик илҳомлантирувчи ҳаётий ҳикоя эди. Ўз оиласи учун ҳаётда чексиз қийинчиликларга дуч келган қора танли қироличанинг ҳикояси якунланди. Унга Сантос аҳолисининг меҳр, ҳайрат ва миннатдорлиги абадийдир”, дейилади клуб баёнотида.
Қайд этиш жоиз, асл исми Эдсон Арантис до Насименто бўлган Пеле 2022 йил 29 декабрда 82 ёшида вафот этганди. У уч марта (1958, 1962, 1970) жаҳон чемпионлигини қўлга киритган ягона футболчи. Пеле спорт ОАВга кўра бир неча бор ХХ асрнинг энг яхши футболчиси деб тан олинган.