Фуқароларни “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига риоя қилишга мажбурлаш қанчалик қонуний?
Жамият
−
15 Апрель 2020
5220Ўзбекистонда коронавирус COVID-19 инфекцияси тарқалиши сабабли кўплаб чекловлар ўрнатилмоқда. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорлари билан автотранспорт воситалари ҳаракати чекланди, жамоат транспорти тўхтатилди, “ўзини ўзи яккалаш” режими ўрнатилди, ниқобсиз кўчада юриш жавобгарлик келтириб чиқармоқда.
Хўш, фуқароларни “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига риоя қилишга мажбурлаш қанчалик қонуний? Адлия вазирлиги бу бўйича ўзининг тушунтиришини бериб, бир неча ҳуқуқий асосларни келтириб ўтди.
“Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига оид ҳуқуқларини чеклайди, бироқ бу чекловлар Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тўлиқ мувофиқ бўлиб, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган хатарларга мутаносибдир.
Конституциянинг 20-моддасига мувофиқ, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
Конституциянинг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга, қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир, деб белгилаб қўйилган.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишини кўзда тутувчи чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилиши мумкин.
Конституциянинг 54-моддасида мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.
Бундан ташқари, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши ҳамда бошқа фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт.
Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қонунда кўзда тутилган ва давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳолининг соғлиги ёки аҳлоқи ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофазаси учун зарур бўлганда айрим ҳуқуқларни чеклашга йўл қўяди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. 15 апрель ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1214 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 99 нафари даволанган, 4 нафари вафот этган. Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси