Французлар Украина учун ўз жонларини фидо қилмайди – Франция ТИВ
Олам
−
02 Март
8355Президент Эммануэль Макроннинг баёнотига қарамай, Франция армияси Украина можаросидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этмайди. Бу ҳақда Республика Ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне кеча, 1 март куни "France Inter" радиосининг жонли эфирида маълум қилди.
"Французлар Украина учун жон фидо қилмайди. Биз жанговар ҳаракатлар давом этаётган ерга қўшинларни юбормаймиз, чунки Россия билан уруш қилмасдан туриб, унинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслик учун рамка ўрнатилган эди. Ва бу рамкада, Президент айтганидек, ҳеч нарса истисно қилинмайди”, деган вазир.
Шунингдек, Сежурне жонли эфирда алоқага чиққан фуқаронинг Париж нега бу қарорга келгани ҳақидаги саволига мамлакат гўёки Россия билан урушдан қочиш ва Франция аҳолисига ташвиш қўшмаслик ниятида эканини билдирган. Ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, Парижнинг саъй-ҳаракатлари французларга ташвиш қўшишга эмас, балки урушдан қочишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 февраль куни Парижга йўл олган Украина раҳбари Владимир Зеленский Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашувда Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича икки томонлама келишувни имзолаганди ва 18 февраль куни Франция Мудофаа вазири Себастьян Лекорню мамлакат Украина учун 9 мингга яқин аскар тайёрлаб беришини айтди. Макрон ҳам Украинага Франция қўшинларини киритиш эҳтимолини истисно этмаганди. Бироқ Макроннинг бу баёнотидан сўнг НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг альянс қўшинлари Украинага юборилмаслигини маълум қилди. Оқ уй ҳам Президент Жо Байден Америка қўшинлари Украинага жўнатилишига қарши эканини билдирди.
LiveБарчаси