Францияда ўқувчилар намойиши ортидан мактаблар ёпилади

World

−

image

Францияда ўқувчилар намойишлари фонида бугун, 5 октябрь куни 400–500 та мактабда дарслар тўлиқ ёки қисман тўхтатилади. Бу ҳақда Франция таълим вазири Эдуар Жефре кеча, 4 октябрь куни берган баёнотида маълум қилди.

Унинг айтишича, мактаблардаги хавфсизлик шароитлари “таъминланмагани” сабаб дарслар тўхтатилади. Вазирнинг қўшимча қилишича, намойишлар бошланганидан бери мамлакатдаги 24 та мактаб ёқиб юборилган ёки талон-торож қилинган. Шунингдек, 78 нафар таълим ходими жароҳатланган.

У фаолияти тўхтатиладиган мактаблар сони жорий йилнинг 2 октябрь кунги кўрсаткичига яқин бўлишини айтган. Ҳукумат эса дарсларни “босқичма-босқич, қисман тиклаш”ни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Франция бўйлаб минглаб ўқувчилар таълим тизимининг етарлича молиялаштирилмаётгани ва эътиборсиз қолдирилаётганига норозилик билдириб, намойишлар ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Францияда ўқувчилар намойишлари вақтида камида икки мактабда ёнғин чиққанди.

Намойишчилар ва тартибни сақлаш кучлари ўртасидаги тўқнашувларда юзлаб одам жароҳатланган. 5 мингдан ортиқ киши, асосан вояга етмаганлар, ҳибсга олинган.

Нашрга кўра, расмийлар намойишчиларга сиёсий фаоллар ҳам қўшилганини таъкидламоқда. Таълим вазири Эдуар Жефренинг сўзларига кўра, айниқса ўта сўл фаоллар мактаб ўқувчилари ҳаракатига аралашиб, уларни ўз манфаатларига буриб юборган ва зўравонликни кучайтирган.

“Бу, шубҳасиз, ходимларимиз ва ўқувчиларимиз учун хавф туғдиради”, деган Жефре.

Унинг қайд этишича, жароҳатланган таълим ходимлари атайлаб нишонга олинган.

“Биз илгари бундай ҳолатга ҳеч қачон дуч келмаганмиз”, деган вазир.

Маълум қилинишича, ўқувчилар синфларнинг ҳаддан ташқари гавжумлиги, айрим синфларда 40 нафаргача бола ўқиши, эскирган ва яроқсиз мактаб бинолари, ўқитувчилар маошининг пастлиги ҳамда ходимлар етишмаслигидан норози. Шунингдек, университетларга ҳужжат топшириш учун мўлжалланган мураккаб онлайн тизим, жазирама кунларда синфхоналарнинг ҳаддан ташқари қизиб кетиши ҳам норозиликларга сабаб бўлган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends