Франция ойига 20 миллиард еврогача зарар кўриши мумкин
Олам
−
17 Октябрь 2020
4029Францияда коронавирус сабаб жорий қилинган ўз-ўзини изоляциялаш тартиби давлатга 15 миллиарддан 20 миллиард еврогача зарар келтириши мумкин. Франция Иқтисодиёт вазири Бруно Ле Мэр шу сабабли карантин меъёрларини юмшатиш кераклигини таклиф қилган.
"Иложи борича тезроқ ўз-ўзини изоляция қилиш тартибидан чиқишимиз керак. Агар бу тартибни вирус фаол тарзда тарқалаётган ҳудудларнинг ўзига нисбатан қўлласак, ойлик зарар 5 миллиардни ташкил қилиши мумкин. Акс ҳолда, Франция миқёсида бу тартибнинг амалда бўлиши иқтисодиёт секторига ойига 15-20 миллиард еврога тушиши мумкин", деган Ле Мэр.
Вазир шу ҳафтада жорий қилинган комендантлик соатининг ўзи давлат иқтисодиётига бир миллиард еврога айланиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Маълумот учун, Франция пойтахти Париж шаҳри жойлашган Иль-де-Франс минтақаси ва яна 7 та шаҳарда 17 октябрь ярим тунда комендантлик соати жорий қилинади. Комендантлик соат 21:00 дан 6:00 гача амал қилади ва тўрт ҳафта давом этади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Францияда коронавирусга чалинганлар 835 мингдан ошган. 33 мингдан кўп киши вафот этган.
Дунёда коронавирус юқтирганлар сони 39 миллиондан ошиб кетган. 1,1 миллиондан зиёд одам вирус қурбони бўлган.