Франция мудофаа харажатини кескин оширмоқчи
Олам
−
14 Июль 3000 2 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон яқин йилларда мамлакат ҳарбий харажатларини кескин оширишини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари кеча, 13 июль куни мамлакат Қуролли кучларига қилган мурожаатида сўз очди.
Унга кўра, 2027 йилда мудофаа учун 64 миллиард евро ажратилади – бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан икки баравар кўп. У аслида ҳарбий бюджетни 2030 йилгача икки баравар ошириш режалаштирилгани, аммо бу мақсадга аллақачон 2027 йилда эришилишини билдирган.
Режага кўра, 2026 йилда мудофаа учун 3,5 миллиард евро, 2027 йилда эса яна 3 миллиард евро қўшимча маблағ ажратилади. Макрон, айниқса, ўқ-дорилар захирасини тўлдириш, узоқ масофали артиллерияни янгилаш, юқори аниқликдаги қуролларни ривожлантириш, дронлар сонини ошириш зарурлигини таъкидлаган. У шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш ва космик соҳадаги салоҳиятни оширишга чақирган.
“1945 йилдан буён эркинлик ҳозиргидек катта хавф остида бўлмаган”, дея Қуролли кучларни огоҳлантирган Макрон.
Маълумот учун, мамлакатда 2024–2030 йиллар учун қабул қилинган ҳарбий режалаштириш қонунига кўра, Франция ҳар йили мудофаа бюджетини 3 миллиард еврога ошириб боради. 2025 йил учун ажратилган мудофаа харажатлари 50,5 миллиард еврони ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Қуролли кучлари 2040 йилгача жанговар вазифаларни бажара оладиган роботларни ишлаб чиқиш режасида белгиланган жадвалга мувофиқ ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар берилганди.