Франция Исроилнинг қочқинлар лагерига қилган ҳужумларини қоралади
Олам
−
03 Ноябрь 2023
4379Париж Исроилнинг Ғазо сектори блокадасидаги Жабалия қочқинлар лагерига уюштирилган ҳужумларни "қатъий қоралайди". Бу ҳақда Франция ҳукуматининг расмий вакили Оливье Веран BFMTV каналида кўрсатилаётган дастурлардан бирида айтиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, Франция ҳукумати шу пайтгача Исроилнинг ушбу лагерга уюштирган ҳужумларини қораловчи баёнот бермаганди.
Вераннинг "қатъий қоралаш" баёноти дастур бошловчисининг саволига жавобан янгради. Бошловчи Франция ҳеч қандай тегишли баёнот бермаганини ва Ташқи ишлар вазирлиги фақат "чуқур хавотир" билан чекланиб қолганини эслатган.
"Йўқ, йўқ, Франция портлашдан кейин буни очиқчасига қоралади", дея ишонтирган Веран.
Маълумот учун, кеча, 2 ноябрь куни Франция Ташқи ишлар вазирлиги Париж Исроилнинг Ғазо секторидаги Жабалия қочқинлар лагерига уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сонининг кўплигидан “қаттиқ хавотирда” эканини билдирган.
Ғазо секторидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, Жабалия лагерида ҳалок бўлганлар, ярадорлар ва бедарак йўқолганлар сони 1000 нафарга етган.
Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни кечқурун Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Жабалия қочқинлар лагерига ҳужум қилган эди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужум оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлганини маълум қилганди. Эртаси куни, 1 ноябрда Исроил яна ушбу қочқинлар лагерини бомбардимон қилди.