Франция футбол жамоасининг автобуси тошбўрон қилинди (видео)
Спорт
−
30 Октябрь 2023
4921Футбол бўйича Франция чемпионатининг 10-туридан ўрин олган “Марсель” – “Лион” учрашуви меҳмонлар автобусига мухлислар томонидан қилинган ҳужум туфайли бекор қилинди. Бу ҳақда “RMC Sport” хабар берди.
Ўйин бошланишига оз вақт қолганида “Марсель” мухлислари Тошкент вақти билан 30 октябрга ўтар кечаси, соат 00:45 да бошланиши керак бўлган ўйин учун Марселдаги “Велодром” стадиони томон кетаётган “Лион” автобусини тошбўрон қилди. Оқибатда “Лион” бош мураббийи Фабио Гроссо жиддий жароҳат олди.
“Ўйин бекор қилиниши бўйича қарор қилинди. Ҳолат бўйича маълумотлар ваколатли органларга етказилади”, дейди учрашув тайинланган ҳакам Франсуа Летексь.
Маълумот учун, 9 та турда 12 очко жамғарган “Марсель” Франция 1-лигаси турнир жадвалида 9-ўринда, “Лион” эса 3 очко билан 18-ўринда бормоқда. 10-турдан кейин “Ницца” 22 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган бўлса, ПСЖ 21 очко тўплаб, 2-ўринда бормоқда.