Испанияда ПСЖ автобуси тошбўрон қилинди
Спорт
−
11 Декабрь 1357 1 дақиқа
Кеча, 10 декабрь куни UEFA Чемпионлар лигаси доирасидаги “Атлетик Бильбао” – ПСЖ ўртасидаги учрашувдан сўнг Париж клуби автобуси тунда Басклар ўлкасидаги меҳмонхона ёнида тошбўрон қилинди. Бу ҳақда RMC Sport хабар берди.
Манбага кўра, воқеа Бильбао марказидаги “Hotel de los Campeones de Europa” меҳмонхонаси олдида содир бўлган. Ҳужум вақтида ПСЖ делегацияси автобусда бўлмаган. Шикастланган автобус эрталаб фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолгани сабабли, ПСЖ клуби Испания шимолини тарк этиш учун муқобил транспорт воситасини топишга мажбур бўлган. Жамоа маҳаллий вақт билан соат 09:30 дан кейин меҳмонхонани тарк этиб, аэропортга йўл олган. Парижликлар соат 10:40 атрофида Испаниядан учиб, соат 11:55 да Парижга қўнган.
Париж клуби ушбу ўйинга келиш чоғида ҳам муаммоларга дуч келган: Ноқулай об-ҳаво шароити ПСЖ самолёти Испания қўнишда қийинчиликларга дуч келган эди.
Маълумот учун, ПСЖ Чемпионлар Лигаси 6-туридан сўнг 13 очко жамғарган ҳолда 3-ўринни эгаллаб турибди. Навбатдаги турда Луис Энрике шогирдлари “Спортинг” клуби меҳмони бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чемпионлар лигаси доирасида “Брюгге” – “Барселона” учрашуви олдидан ўйинга кетаётган испаниялик мухлислар автобуси ёниб кетган ва шу сабабли йўловчилар эвакуация қилинган эди.