Франк-Вальтер Штайнмайер: Ўзбекистондаги инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз
Жамият
−
29 Май 2019
3200Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида ташкил этилган Ўзбекистон – Германия ишбилармон доира вакиллари йиғилишида иштирок этди.
Германия иқтисодиётнинг саноат ва технологик тармоқлари бўйича жаҳонда илғор давлатлардан бири саналади. Мамлакат товар экспорт қилиш ва хомашё импорт қилиш бўйича ҳам дунёда етакчи ўринларда туради.
Бугунги кунда автомобиль, кимё, электротехника, авиакосмик, қурилиш ва озиқ-овқат саноати Германия иқтисодиёти барқарор ўсишини таъминловчи асосий тармоқлар бўлиб келмоқда. 2018 йилда ЯИМ умумий ҳажми бўйича мамлакатлар рейтингида Германия қарийб 3,3 триллион евро кўрсаткич билан учинчи ўринни, харид қобилияти бўйича ЯИМ ҳажмига қараганда рейтингда бешинчи ўринни эгаллаган.
Ўзбекистонда германиялик инвесторлар иштирокида 130 дан ортиқ фирма ва компаниялар фаолият юритмоқда. Улардан 30 дан зиёди юз фоиз немис капитали асосида тузилган, яна шунчаси юртимизда ўз ваколатхонасини очган. Ўзбекистон миллий банки Германиянинг 57 та банки билан алоқа ўрнатган. Тошкентда “Дойче-банк” бўлими ташкил этилган.
Мамлакатда “МАN” концерни билан шерикликда замонавий юк автомобиллари, “Claas” ва “Lemken” компаниялари билан қишлоқ хўжалиги техникалари, “Knauf” билан қурилиш материаллари, “Deutsche Kabel” билан кабель-ўтказгич маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Германиялик мутахассислар иштирокида “Қарши – Термиз” темир йўли электрлаштирилмоқда.
Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар кенгаши ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини кўпайтириш бўйича изчил иш олиб бормоқда. Молиявий-техникавий ҳамкорлик борасида маслаҳатлашувлар, савдо ва инвестициялар, қишлоқ хўжалиги бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар мажлислари ўтказилмоқда.
“Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ислоҳот ва ўзгаришларни кузатиб бораяпмиз. Иқтисодиётни изчил ривожлантириш, қўшни мамлакатлар билан алоқаларни янада яхшилаш борасидаги ишлардан хурсандмиз. Мамлакатингиздаги инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибалар билан ўртоқлашишга доимо тайёрмиз”, деди Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер.
Ўзбекистон ва Германия тадбиркорларининг турли соҳалардаги қўшма лойиҳалари ва уларни амалга ошириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Қатор муҳим келишувларга эришилди ва битимлар имзоланди. Улар энергетика, газ-химия, информацион технология, банк-молия, таълим, атом энергетикаси каби устувор йўналишларни қамраб олган.
Юқори иқтисодий салоҳиятга эга Германия билан ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқаларни кенгайтиришда мамлакатимизнинг бой табиий захиралари, инсон капитали, тармоқларга эга инфратузилмаси, қулай инвестиция муҳити асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.