Финляндия Байден ва Путин учрашувини ўтказиш бўйича таклиф киритди
Олам
−
14 Апрель 2021
3454Финляндия ўз ҳудудида Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Жо Байденнинг учрашувини ташкил этишга тайёр. Бу ҳақда Финляндия Президенти Саули Ниинистё маълум қилган.
"Финляндия ҳар доим ўзининг яхши дипломатик хизматларини таклиф қилиб келган. Ушбу потенциал учрашувга келсак, уни ташкил этиш истаги иккала томонга ҳам тақдим этилди", деган Ниинистё.
Шунингдек, у бундай таклиф биринчи марта эмаслигини таъкидлаган.
Бир мунча вақт олдин ҳам Финляндия Путин ва Байден ўртасидаги учрашувни Хельсинки ёки бошқа шаҳарда ўтказишни таклиф қилганди.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатда олий даражадаги учрашув таклиф қилгани ҳақида хабар бергандик.
Маълум қилинишича, Путин ва Байден ўртасидаги телефон орқали суҳбат Америка томонининг ташаббуси билан ташкиллаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, март ойида АҚШ Президенти Жо Байден Владимир Путинни “қотил”, деб билишини айтган эди. Бунга жавобан, Путин Америка раҳбарига соғлик тилаб, уни жонли эфирдаги мунозарага таклиф қилди. Байден жамоаси эса Россия раҳбарининг ушбу ташаббусига рад жавобини берди.
LiveБарчаси