Файзуллаев ЖЧда гол уриш бўйича ноодатий рекорд ўрнатди
Спорт
−
18 июн 19559 2 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев XXI асрда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатларида бош билан гол урган энг паст бўйли футболчи сифатида рекорд ўрнатди. Бу ҳақда “Opta” статистика платформаси хабар берди.
Бўйи 167 сантиметр бўлган 22 ёшли Аббосбек Файзуллаев бугун, 18 июнь куни ЖЧ-2026 гуруҳ босқичи доирасида Колумбияга қарши кечган учрашувда (1:3) Ўзбекистоннинг ягона голига муаллифлик қилди. Ушбу бош билан йўлланган зарба орқали ярим ҳимоячи бундан аввал уругвайлик Жоржиан де Арраскаэтага (бўйи 173 см) тегишли бўлган рекордни янгилади. Арраскаэта ЖЧ-2022 доирасида Гана дарвозасига бош билан гол урган.
Маълумот учун, Жаҳон чемпионатида дебют қилаётган Ўзбекистон терма жамоаси ушбу турнирга йўлланма олган Марказий Осиёдаги илк жамоа бўлди. Улар мундиал йўлланмасини Осиё саралаш босқичида Эронга бор-йўғи икки очко (23) имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни эгаллаган ҳолда қўлга киритганди.
Ўзбекистон навбатдаги учрашувини 23 июнь куни Португалияга қарши ўтказади. Иккала жамоа ҳам Колумбия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари билан биргаликда “K” гуруҳидан жой олган.
Жаҳон чемпионати тарихда илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирокида учта мамлакат – АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудларида бўлиб ўтмоқда. Турнир 19 июль куни якунига етади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аббосбек Файзуллаев 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг 1-турида Колумбия терма жамоаси дарвозасига гол киритиб, Ўзбекистоннинг мундиаллардаги илк голи муаллифига айлангани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ўйиндаги мағлубиятга қарамай Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев футболчиларни қўллаб-қувватлади ва биринчи голнинг ўзи ҳам ғалаба эканини айтди.
Live
Барчаси