Футболчиларимиз иродасини яққол намоён этди – Шавкат Мирзиёев (видео)

Спорт

image

Ўзбекистонлик футболчилар Жаҳон чемпионатидаги Колумбияга қарши кечган илк ўйинда ўзининг кучли характерини кўрсатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи йиғилишида сўз очди.

“Ўзбекистон учун тарихий кун. Муросасиз, жуда қизғин кечган ўйинда футболчиларимиз жаҳон мундиалида биринчи марта жуда катта тажрибали жамоага қарши ўзининг кучли характерини кўрсатди. Осон эмас, биринчи марта 34 йил биз кутган воқеа бўлди. Шунинг учун кучли характери, жисмоний тайёргарлиги ва иродасини яққол намоён этди десак, бу ҳам тўғри. Биз учун чемпионатдаги биринчи голимиз – бу ҳам ғалаба”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев фидоий ёшлар Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонлари эканини қайд этган.

“Бир нарсани айтмоқчиманки, биз ватанпарвар ва фидоий ёшларимиз билан фахрланамиз ва улар ҳозирги Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонлари. Ҳали олдимизда жуда кўп имкониятлар борлигини ўзларинг кўрдиларинг. Фарзандларим, қаҳрамонларим кўп нарсага қодир эканликларини ҳам билдирди. Шунинг учун фақат омад тилаймиз биз. Олға, Ўзбекистон”, дейди Ўзбекистон етакчиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихидаги илк Жаҳон чемпионати учрашувида майдонга тушгани ҳақида хабар берилган эди. Унда Фабио Каннаваро шогирдлари Колумбияга қарши баҳс олиб бориб, 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Иккинчи бўлимнинг 60-дақиқасида Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистон футболи тарихидан ўрин олди. Ярим ҳимоячи Колумбия дарвозасини ишғол қилиб, миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк голига муаллифлик қилди ва ҳисобни тенглаштирди.

Эндиликда Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ босқичидаги навбатдаги учрашувини жорий йилнинг 23 июнь куни Хьюстон шаҳрида Португалияга қарши ўтказади. Каннаваро шогирдлари учинчи турда эса 27 июнь куни Атланта шаҳрида Конго Демократик Республикаси билан баҳс олиб боради.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг