Фарғонада соғлом фуқаро руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилгани аниқланди
Жамият
−
24 Июнь
12579Фарғона вилоятида фуқарони ўзининг розилигисиз тиббий кўрикдан ўтказган шифокорга “ҳайфсан” берилди. Бу ҳақда Омбудсман хабар берди.
Билдирилишича, фуқаро Б.Н. туман ИИБ профилактика инспектори ва маҳалла вакиллари билан ҳамкорликда қонунга зид равишда Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.
Шундан сўнг, Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакили фуқаро Б.Н. билан учрашганда у руҳий касалликлар шифохонасига кўрикдан ўтказиш учун жойлаштирилишида розилик хатига имзо қўймаганини билдирган. Шунга қарамасдан у шифохонага жойлаштирилган ва 3 кун давомида кўрикдан ўтказилган. Соғлом бўлганлиги сабабли уйига жавоб берилган.
“Ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддаси 2-қисмида психиатрия текшируви текширилаётган шахснинг маълумотларни билган холда текширув ўтказилишига ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши талаблари бузилганлиги маълум бўлди”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бухорода соғлом бўлса ҳам, руҳий касалликлар диспансерида қолаётган 15 ёшли қиз уйига қайтарилганди.