Фарғонада эр хотинини бўғиб ўлдирди
3-саҳифа
−
12 Июнь 2023
14412Фарғона вилояти Бешариқ туманида эр хотинини бўғиб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати QALAMPIR.UZ'га хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 июнь куни соат 04:30 ларда Бешариқ туман Ички ишлар бошқармаси навбатчилик қисмига мурожаат келиб тушган. Унда туманнинг “Янгиҳаёт” маҳалласи Саховат кўчасида яшовчи 2007 йилда туғилган Ш.Х. исмли бола хонадонида отаси У.А. ўзини осиб, жонига қасд қилганини ва ўгай онаси Ш.А. жонсиз ҳолатда топилганини айтган.
Маълумотларга кўра, эркак муқаддам жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинганидан сўнг, жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб Ш.А. билан қонуний никоҳдан ўтмай яшай бошлаган. Бу орада уларнинг муносабатлари совуқлашиб, тез-тез жанжаллашишган.
Шу йилнинг 9 июнь куни соат 23:00 ларда улар яна жанжаллашган ва тортишув давомида эркак аёлининг юз ва тана соҳаларига қўл ҳамда оёқ билан уриб, бўғиб ўлдирган.
Шундан сўнг, У.А. уйининг деворига ўрнатилган темир жисмга оқ матодан сиртмоқ ясаб, ўзини осган.
Ҳолат юзасидан 10 июнь куни Бешариқ туман прокуратураси томонидан У.А. га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода эркак хотинини пичоқлаб ўлдиргани, Сирдарёда рафиқасини фарзандининг олдида ўлдирган эркак 18 йилга қамалгани ҳамда Наманганда эр аввал турмуш ўртоғини ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, яна бир ҳолатда Сурхондарёда хотинини бўғиб ўлдирган эркакка нисбатан ҳукм ўқилганди.
LiveБарчаси