Фарғона вилояти ҳокими сенаторликка сайланди
Жамият
−
27 Февраль 2021
8152Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида халқ депутатлари Фарғона вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг Олий Мажлис Сенати аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Унда кун тартибидаги масала – бўшаб қолган икки ўринга Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш масаласи кўриб чиқилди.
Шаҳар-туман кенгашлари депутатларидан иборат маслаҳат кенгаши қўшма мажлис муҳокамасига 2-Мирзо Улуғбек сайлов округидан халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров ва 31-Қува сайлов округидан вилоят кенгаши депутати, вилоят “Она ва бола” скрининг маркази директори Манзура Салимова номзодини яширин овоз бериш учун бюллетенга киритишни таклиф қилди.
Мазкур таклиф маъқулланди ва яширин овоз бериш жараёни бошланди.
Сайлов натижаларига кўра, Хайрулла Бозоров ва Манзура Салимова Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди.
Аввалроқ, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ва Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Сенат аъзоси этиб сайлангани ҳақида хабар берган эдик.