Эртага Тошкентдаги талабаларни ўз уйига қайтариш тугайди
Жамият
−
17 Март 2020
6262Ўзбекистонда пойтахт Тошкентда таҳсил олаётган вилоятлик талабаларни ўз уйларига қайтариш билан боғлиқ ишлар жадал суратларда давом этмоқда. Қайд этилишича, 15 март куни 25 минг нафардан ортиқ, 16 март куни яна 37 минг нафардан ортиқ, жами 72 минг нафардан ортиқ талаба Тошкент шаҳридан ўз уйларига жўнаб кетди.
Олий ва ўрта масхус таълим вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган талабаларни ўз ота-оналари бағрига қайтариш ишлари давом этмоқда.
Бугун, 17 март куни тахминан 6-8 минг нафар талабани ўз уйларига кузатиш режалаштирилган. Эртага, 18 март куни самолёт ва поездларга имтиёзли чипталарни харид қилган 1,5-2 минг нафар талаба жўнаб кетиши билан вилоятлардан келиб Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган талабаларни кузатиш ишлари якунланади.
Талабалар турар жойлари 19 мартдан тўлиқ ёпилади ва дизинфекция ишлари бошланади.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси талабаларни уйига қайтаришни мутлақо бепул амалга ошириши хабар қилинган эди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни соат 06:00 да қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган бемор – олий тоифали шифокор 11 март куни Франциядан қайтган бўлган. Айни вақтда коронавирусга чалинганлар 10 нафарни ташкил этмоқда.
Дунё бўйича 183 112 киши коронавирусга чалинган. Шундан, 7175 нафар бемор вафот этган, 79 904 нафар бемор хасталикдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь