Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги қашқадарёлик талабалар уйига бепул қайтарилади
Жамият
−
17 Март 2020
7463Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қашқадарёлик талабаларни уйига қайтариш чоралари кўриляпти. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси маълум қилди.
Таъкидланишича, Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси ёшларни уйига қайтаришни мутлақо бепул амалга оширади.
Бунинг учун талаба ёшлардан эртага, 18 март куни соат 10:00 га қадар Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасига етиб келиши сўралади. Шу жойнинг ўзида Қашқадарёга қайтиш учун транспорт воситалари қатнови ташкил этилади.
Мурожаат учун телефон: +998973507788; Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Улуғбек Эрназаров.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни соат 06:00 да қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган бемор – олий тоифали шифокор 11 март куни Франциядан қайтган бўлган. Айни вақтда ушбувирусни юқтириб олган беморлар сони 10 нафарга етди.
Маълумот учун, дунё бўйича 182 609 киши коронавирусга чалинган. Шундан, 7171 нафар бемор вафот этган, 79 883 нафар бемор хасталикдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.