Пойтахт автобусларида йўлкира тўламаётганлар сони 68 фоизга ошди
Жамият
−
10:32 402 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида сентябрь ойининг дастлабки 8 кунида йўл ҳақини тўламаган 4 696 нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Аввалроқ, жорий йилнинг 1 сентябрдан бошлаб брутто-шартнома асосида фаолият юритаётган барча шаҳар автобусларида йўлкира тўлашнинг янги тартиби жорий этилгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, йўловчилар автобусга чиқиши билан йўл пулини тўлаши шарт бўлиши белгиланган.
Шу муносабат билан автобусларда тўлов маданиятини оширишга қаратилган кучайтирилган назорат-рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
Манбага кўра, 2026 йилнинг август ойида йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланган 10 минг 843 нафар йўловчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси (Транспортда чиптасиз юриш) 5-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бу эса ўртача бир кунда 350 та ҳолат дегани.
Сентябрь ойининг аввалидан 8-санасига қадар эса мазкур модда асосида 4 696 нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бу ўртача бир кунда 587 та ҳолатга тўғри келади.
Таҳлилларга кўра, сентябрь ойининг дастлабки 8 кунида бир кунлик ўртача расмийлаштирилган маъмурий баённомалар сони август ойидаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 237 тага, яъни қарийб 68 фоизга ошган.
Бу эса янги низомнинг белгиланиши билан, аслида қонунбузилиш ҳолати пасайишнинг ўрнига юқорилаганини кўрсатмоқда. Бироқ, мазкур йўл ҳақини тўламаганлар сонининг ортишини назорат-рейд тадбирларининг кўпайиши билан ҳам изоҳлаш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида жорий йил бошидан бери жамоат транспортлидан йўл ҳақини тўламасдан фойдаланган 79 мингдан ортиқ йўловчига нисбатан маъмурий чора кўрилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси