Бозорларда видеокузатув камералари қаерларга ўрнатилиши айтилди
Жамият
−
02 Декабрь
2746Йирик бозорларда видеокузатув камералари қаерларга ўрнатилиши маълум бўлди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 27 ноябрь куни “Йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида сўз боради.
Қайд этилишича, ушбу низом президент фармонига мувофиқ республикадаги йирик бозорларда ташриф буюрадиган фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида қабул қилинган.
Йирик бозор деганда 300 ва ундан ортиқ турғун савдо шохобчалари ва савдо ўринлари мавжуд бўлган, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган жойларда доимий ёки вақтинча асосда фаолият кўрсатадиган мулкий комплекс ва унга туташ ҳудудлар назарда тутилади.
Хавфсизликни таъминлаш техник воситалари эса объектда жамоат тартибини сақлашни таъминлаш учун фойдаланиладиган қўриқлаш, ташвиш ва ёнғин сигнализациялари, киришни назорат қилиш ва бошқариш, видеокузатув, ёритиш ва хабардор қилиш ҳамда бошқа тизимлар таркибига кирувчи, конструктив жиҳатдан тугалланган, мустақил функцияларни бажарадиган қурилмалардир.
Мазкур низомда Миллий гвардия, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимлари хизматини ҳамда идоравий қўриқлаш ва ёнғиндан сақлаш хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш тартиби ҳам белгиланган. Шунингдек, ушбу хизматлар ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам тўлиқ тушунтириб ўтилган.
Йирик бозорларда видеокузатув тизимидаги видеокузатув камералари объектнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги жойларда ўрнатилади:
а) объектнинг автотураргоҳига кириб-чиқиш жойларида, автотураргоҳнинг бутун ҳудуди ва объектнинг периметри бўйлаб, унга туташ ҳудуднинг энг самарали бурчаги (кўринишини) ҳисобга олинган ҳолда;
б) автотураргоҳдан объектга ўтиш йўлакларида;
в) объект ҳудудига фуқаролар ва транспорт воситалари кириш ва ўтиш жойларида;
г) объектнинг фуқаролар кириши мумкин бўлган барча биноларига, иншоотларига ва хоналарга кириб-чиқиш жойларида;
д) объектнинг фуқаролар кириши мумкин бўлган барча бино ва иншоотдаги:
- савдо, кўргазма ва овқатланиш жойларида, шу жумладан, бу жойларнинг “Г” ва “П” шаклидаги майдонларида;
- кўп ярусли савдо, кўргазма, овқатланиш ва мижозлар жойлашадиган бошқа жойларнинг ҳар бир ярусида;
- савдо, кўргазма, овқатланиш ва мижозлар жойлашадиган бошқа жойларга ва бу жойлардан хизмат хоналарига ўтиш йўлакларида;
- фуқароларнинг шахсий буюмларини, қўл юкларини сақлаш жойлари олдида;
е) объектдаги омборхоналарга ўтиш майдонларида;
объектнинг қаватларга ўтиш, чиқиб-тушиш (зинапоялар, эскалаторлар) ва кириб-чиқиш жойларида;
з) объектнинг дебаркацияларида;
и) савдо расталари орасида.
Видеокузатув тизимлари ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ҳудудий бўлинмаларининг ситуацион марказларига ҳамда объектдаги техник воситалар оператори хонасига видеосигнал узатилишини таъминлаши лозим. Видеоёзувларни сақлаш учун видеоахборот архивини яратиш 30 календарь кунни ташкил этиб, ундан сўнг ёзувлар автоматик тарзда йўқ қилинади.
Агар видеокузатув камералари зиддиятли вазиятни қайд этган бўлса, бундай ёзувларни сақлаш муддати вазиятга аниқлик киритилгунга қадар белгиланади. Жиноий қилмиш ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилган бўлса, бундай ёзувлар жиноят ёки маъмурий ишнинг юритилиши давомида сақланади. Видеокузатув камераларининг ҳожатхоналарга ва хоналарга ўрнатилиши тақиқланади.
Ҳужжатда, шунингдек, йирик бозор дея талқин этиладиган бозорлар рўйхати ҳудудлар кесими бўйича тақдим этилган. Унга кўра, энг кўп йирик бозорлар Наманган вилояти ҳудудида (24 та), энг ками эса Сирдарё вилоятида (2 та) қайд этилган. Ҳужжатда айтилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликлар ИИВ, МГ ва ФВВ ҳудудий тузилмалари вакиллари билан келишган ҳолда ҳудудда жойлашган йирик бозорлар рўйхатини доимий янгилаб боради.
LiveБарчаси
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этилди.
03 Декабрь