Эртага имтиҳон бошланади. Абитуриентлар нималарни билиши керак?

Жамият 8068
image

Эртага, 2 сентябрдан Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари ҳамда айрим йўналишларга ижодий имтиҳонлар бошланади. Бу йил 1,5 миллионга яқин абитуриент ОТМга кириш истагида рўйхатдан ўтди. Жами квота эса 139 950 та (кундузги – 103 575, сиртқи – 30 150 ва кечки – 5 025).

Тест синовлари 2 сменада бўлиб ўтади:

1-смена: соат 08:00 дан 11:00 гача;
2-смена: соат 17:00 дан 20:00 гача.

Абитуриентларни тестга киритиш вақти:

1-смена соат 06:30 дан;
2-смена соат15:30 дан бошланади.

Кечиккан абитуриентлар тест синовларига киритилмайди. Шунингдек, тана ҳарорати кўтарилган абитуриентлар ҳам тест синовларига қўйилмайди. Уларга имтиҳонлар тугаганидан кейин имконият берилади.

Тестга кириш учун 2 та ҳужжат – паспорт (оригинал) ва абитуриент рухсатномаси керак бўлади. Шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар: ҳайдовчилик ёки ҳарбий гувоҳнома кабилар ўтмайди. Тест синовига киритишда абитуриентнинг бармоқ изи ҳам текширилади.

Абитуриент рухсатномасини abitur.dtm.uz сайтидаги абитуриентнинг шахсий кабинетидан юклаб олиш мумкин. Агар шахсий кабинетга киришнинг имкони бўлмаса, abitur.dtm.uz/allow манзилидан ҳам юклаб олса бўлади.

Абитуриент рухсатномасида тест санаси, вақти, жойи, сектор ва гуруҳ рақами кўрсатилган бўлади. Рухсатнома принтердан чоп этиб олинади. Рангли бўлиши талаб қилинмайди. Абитуриент имтиҳонга эркин формада бориши мумкин. 

Тестда 2 та асосий мутахассислик фанидан 30 тадан жами 60 та савол берилади. 1-фан учун 3,2 балл, 2-фан учун 3,1 балл. Максимал тўплаш мумкин бўлган балл - 189 балл.

Абитуриентга тестларни ечиш учун жами 3 соат вақт берилади (жавоблар варақасини бўяш шунинг ичида). Хорижий тилда имтиёзга эга бўлган абитуриентларга 1 та фан учун 1,5 соат вақт берилади (жавоблар варақасини бўяш шунинг ичида).

Мамлакатдаги эпидемиологик вазият сабаб тест синовлари вақтида ота-оналар учун кутиш жойлари ташкил қилинмайди. Чекка ҳудудларда яшовчи абитуриентлар вилоят марказига етиб олиши учун автобус ташкил қилинади. Унинг хизматидан фойдаланиш эркин бўлади.

Тест жараёнларини test2020.uz сайтида ёки махсус телеканал орқали кузатиб бориш мумкин.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 324
Рейтинг: 3
t
×