Эронлик Нобель мукофоти совриндори уч йил ичида бешинчи жазога ҳукм қилинди
Олам
−
16 Январь
15587Эрон қамоқхонасида сақланаётган Нобель мукофоти совриндори Наргиc Муҳаммадий “тартибсизликлар келтириб чиқариш мақсадида давлатга қарши ташвиқот олиб бориш” айби билан яна бир муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда "Associated Press" маълум қилди.
Маълумотларга кўра, унга 15 ойлик қамоқ жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, озодликка чиққанидан кейин унинг Теҳронда истиқомат қилиши, мамлакатни тарк этиши ва смартфондан фойдаланиши тақиқланади.
Муҳаммадийнинг Францияда яшайдиган турмуш ўртоғи ва икки фарзанди ҳукмни танқид қилиб, уни сиёсий мотив деб атаган.
Маълумот учун, бу Нобель мукофоти совриндорига нисбатан 2021 йил март ойидан бери бешинчи ҳукмдир. Ҳаммаси бўлиб, у 12 йил-у уч ой қамоқ, 154 дарра, икки йил сургун ва турли чекловчи жазоларга ҳукм қилинган.
Шунингдек, Муҳаммадий Эронда мажбурий ҳижобга ва ўлим жазосига очиқдан очиқ қарши чиққан.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Муҳаммадий "Эрон аёлларининг зулмга қарши кураши ва барча учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари учун" тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Мукофот Ослода онасининг мурожаатини ўқиган Наргизнинг фарзандларига топширилди. Ўша йилнинг 7 октябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден Эронни қамоқдаги Нобель совриндорини озод қилишга чақирди, декабрь ойида эса Наргиснинг навбатдаги суд иши бўлиб ўтди.