Эрон президентлигига номзодлардан яна бири ўйиндан чиқди
Олам
−
27 Июнь
6737Эртага, 28 июнь куни Эронда бўлиб ўтадиган муддатидан аввалги президентлик сайловига ўз номзодини қўйган Теҳрон шаҳар мэри Алиризо Заканий ҳам президентлик пойгасидан чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Заканийнинг айтишича, марҳум президент Иброҳим Раисий йўлини давом эттириш унинг номзодидан кўра муҳимроқ.
Олдинроқ, собиқ қонунчи ва 53 ёшли амалдаги вице-президент Амир-Ҳусайн Қозизода Ҳошимий инқилобий кучлар ҳамжиҳатлигини сақлаб қолишга ёрдам бериш ва Инқилоб кучлари консенсуси Олий Кенгаши ҳамда айрим олимлар ва ватанпарварларнинг ёзма илтимосига жавобан сайловни тарк этганини билдирганди. Шу билан Заканий сайлов пойгасини тарк этган иккинчи номзодга айланди.
Ҳозирда сайловдаги номзодлардан Эрон Олий етакчисининг Миллий хавфсизлик олий кенгашидаги вакили Саид Жалилий, парламентнинг амалдаги спикери Муҳаммад Бағер Ғолибаф, Эрон собиқ соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазири, парламент аъзоси Масъуд Пезешкиён ҳамда собиқ ички ишлар вазири, дин арбоби Мустафа Пурмуҳаммадийлар қолмоқда.
Маълумот учун, сайловга бир кун қолганида “жимлик куни” эълон қилинади, бу вақтда сайловолди ташвиқоти олиб бориш тақиқланади. Президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтади. Иккинчи тур, агар зарурат туғилса, 5 июль куни ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон собиқ президенти Аҳмадинажод сайловда қатнашишини маълум қилганди. Шунингдек, мамлакат президентлигига номзод сифатида биринчи аёл рўйхатдан ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Бироқ уларнинг иккаласи ҳам номзодларнинг якуний рўйхатига киритилмади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь