Эрон президентлигига номзод сифатида биринчи аёл рўйхатдан ўтказилди

Олам

image

Эронлик собиқ депутат Зоҳре Элахиан президент Иброҳим Раисий самолёт ҳалокатида вафот этганидан сўнг белгиланган навбатдан ташқари президентлик сайловларида номзод сифатида рўйхатдан ўтган биринчи аёл бўлди. Бу ҳақда "Mehr" агентлиги хабар берди.

“Исломий Эрон устида умид қуёши чиқади. Мен ўз мамлакатим аёллар жамияти вакили сифатида сайлов штабига ҳужжатларни топшираман”, деб ёзади Элахиан Х'даги саҳифасида.

3 кун ичида президентлик пойгасида иштирок этиш учун 17 киши ҳужжат топширди. Улар орасида парламентнинг собиқ раҳбари Али Ларижоний, Марказий банк собиқ раҳбари Абдул Носир Хемматий, Ислом инқилоби гвардияси корпусининг собиқ қўмондони генерал Воҳид Хагганян, Теҳрон мэри Алиризо Заканий ва Эроннинг руҳий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг Миллий хавфсизлик Олий Кенгашидаги вакили Саид Жалилий бор.

Эрон парламентининг амалдаги олти нафар аъзоси (Муҳаммад Сабағийян, Аббос Мўғтадаий, Масъуд Пезешкиян, Аҳмад Расулинежод, Ҳабибуллоҳ Деҳмарде ва Фадаҳусайн Малекий) ҳамда беш нафар собиқ аъзоси (Мустафо Кавакбиян, Годрат Али Ҳошемтиён, Маҳмуд Аҳмади Бига, Муҳаммад Хошчеҳре ва Муҳаммад Ризо Миртож ол-Дини) ҳам ўз номзодини қўйиш истагини билдирган.

Номзодларни рўйхатга олиш 30 май куни бошланган ва 3 июнга қадар давом этади. 4 июндан бошлаб Конституция қўриқчилари кенгаши номзодларни бир ҳафта давомида кўриб чиқиб, номзоднинг мамлакат президенти лавозимига мос келишини аниқлайди. Якуний рўйхат 11 июнь куни эълон қилинади.

Сайловолди ташвиқоти икки ҳафта давомида – 12 июндан 26 июнгача давом этади. Сайловга бир кун қолганида “жимлик куни” эълон қилинади, бу вақтда сайловолди ташвиқоти олиб бориш тақиқланади. Президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтади. Иккинчи тур, агар зарурат туғилса, 5 июль куни бўлиб ўтади.

Маълумот учун, 31 май куни Эрон сайлов штаби вакили Муҳсин Исломий уч нафар аёл “шартларга жавоб бермагани” учун рўйхатдан ўтказилмаганини эълон қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Президентлик сайловлари Зоҳре Элахиан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг