Эрон собиқ президенти Аҳмадинажод сайловда қатнашишини маълум қилди

Олам

image

Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод мамлакатда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда IRIB хабар берди.

Сиёсатчи 2005-2013 йилларда Эрон президенти лавозимида ишлаган. 2017 ва 2021 йиллардаги сайловларда Аҳмадинажод номзоди Конституцияни қўриқлаш кенгаши томонидан рад этилган.

Агар бу гал унинг номзоди тасдиқланса, Маҳмуд Аҳмадинажод президентлик учун асосий даъвогарлардан бирига айланади.

Ҳужжатларни топширгандан кейин ўтказилган брифингда Аҳмадинажод қашшоқликка қарши кураш ва аҳоли фаровонлигини оширишни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб атади.

“Мен мамлакатдаги барча муаммоларни халқнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ва дунё билан конструктив ҳамкорлик натижасида ҳал қилиш мумкинлигига ишонаман”, деган у.

Эронда муддатидан олдин сайловлар президент Иброҳим Раисий 19 май куни авиаҳалокатда вафот этганидан сўнг тайинланган эди.

Номзодларни рўйхатга олиш 30 май куни бошланган ва 3 июнга қадар давом этади. 4 июндан бошлаб Конституция қўриқчилари кенгаши номзодларни бир ҳафта давомида кўриб чиқиб, номзоднинг мамлакат президенти лавозимига мос келишини аниқлайди. Якуний рўйхат 11 июнь куни эълон қилинади.

Сайловолди ташвиқоти икки ҳафта давомида – 12 июндан 26 июнгача давом этади. Сайловга бир кун қолганида “жимлик куни” эълон қилинади, бу вақтда сайловолди ташвиқоти олиб бориш тақиқланади. Президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтади. Иккинчи тур, агар зарурат туғилса, 5 июль куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ собиқ депутат Зоҳре Элахиан президентлик сайловларида номзод сифатида рўйхатдан ўтган биринчи аёл бўлгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Президентлик сайловлари Маҳмуд Аҳмадинажод

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made