Эрон Исроилдаги қуролли тўқнашувларга алоқадорлигини рад этди

Олам

image

Ғарб матбуотида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ортида Эрон тургани ҳақидаги даъволар тарқалганди. Эрон томони буни рад этди. Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги доимий вакили Али Карими Макам маълум қилди.

Али Карими Макам фаластинликларнинг ҳаракатларига алоқадор бўлмаганига қарамай, Теҳрон улар билан бирдам эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ҲАМАСнинг ҳаракатлари “қонуний ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқи”га мувофиқ амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳужумларида 436 киши, жумладан 91 бола ҳалок бўлган ва 2270 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 7 октябрдан бери босиб олинган Ғарбий Соҳилда 15 нафар фаластинлик Исроил ўқларидан ҳалок бўлди. Шунингдек, Исроил матбуоти 700 киши ҳалок бўлгани ва 2300 дан ортиқ исроиллик жароҳат олгани ҳақида хабар берган.

Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг