Эрон илк гипертовушли ракетасини тақдим қилди. У АҚШ ва Исроилни “доғда қолдириши” даъво қилинмоқда
Олам
−
06 Июнь 2023
10675Эрон бугун, 6 июнь куни ўзининг биринчи гипертовушли баллистик ракетасини намойиш қилди. Бу ҳақда IRNA ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, “Фаттоҳ” номли гипертовушли ракетанинг тақдимотида мамлакат Президенти Иброҳим Раисий ва Ислом инқилоби посбонлари корпуси қўмондонлари қатнашган.
“Аниқ бошқариладиган “Фаттоҳ” гипертовушли ракетаси 1400 километр масофани босиб ўтиш ва барча мудофаа қобиқларини ёриб ўтиш имкониятига эга”, дейди Эрон аэрокосмик кучлари раҳбари Амирали Ҳожизода Эрон матбуотига берган интервьюсида.
Маълумот учун гипертовушли ракеталар товушдан камида беш баробар тезроқ учиши мумкин ва мураккаб траэктория бўйлаб парвоз қилгани сабаб уларни тутиб қолиш қийин. Ўтган йили Эрон атмосфера ичида ва ундан ташқарида манёвр қила оладиган гипертовушли ракета яратганини даъво қилган эди.
“У АҚШ ва сионистик режимнинг энг илғор баллистик ракетага қарши тизимларини, жумладан, Исроилнинг “Темир гумбаз”ини четлаб ўтиши мумкин”, дейилади Эрон давлат телевидениеси хабарида.
Айтилишича, “Фаттоҳ”нинг максимал тезлиги соатига 15 минг километрга етиши мумкин. Ғарбнинг хавотир ва қаршилигига қарамай, Эрон мудофаавий ракета дастурини янада ривожлантиришини айтмоқда. 2018 йилда АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп Эрон билан олтита давлат иштирокида 2015 йилда тузилган ядровий келишувдан чиққанидан кейин Эроннинг маълум вақт тўхтаб қолган ядровий синовлари яна бошланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ўзининг янги баллистик ракетасини синовдан ўтказганди. Бундан ташқари, унинг янги камикадзе дронлари ҳам муваффақиятли синовдан ўтказилган. Шунингдек, яқинда Эроннинг ерости ҳаво базаси очилганди.
LiveБарчаси