Эрдўған Туркиянинг янги “Altay” танкини кўрсатди. У ҳақида нималар маълум?
Олам
−
24 Апрель 2023
13696Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатда ишлаб чиқарилган янги “Altay” танкини синовдан ўтказиш учун Туркия қуролли кучларига топширилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Yeni Şafak” маҳаллий газетаси хабар берди.
Танкни топшириш маросими Сакария вилоятидаги заводда бўлиб ўтган. Унда Туркия раҳбари ҳам қатнашган.
“Бизнинг янги “Altay” танкимиз ўн йил аввал тақдим этилган прототипдан бутунлай бошқача ва устун имкониятларга эга”, деган Эрдўған.
Унинг сўзларига кўра, танкнинг янги версиясида зирҳ дизайни яхшиланган ва Akkor фаол ҳимоя тизими қўшилган. Танкларни серияли ишлаб чиқариш синовдан ўтгандан кейин бошланиши айтилган.
“Ҳозир Туркия бу соҳада [қуруқлик воситалари ишлаб чиқаришда] дунёда биринчи ўринни эгаллаган ва маҳсулотлари кўплаб армиялар томонидан ишлатиладиган етказиб берувчи давлатга айланди”, дейди Туркия раҳбари.
“Altay”нинг оғирлиги 65 тоннани ташкил этади. У Javelin каби танкга қарши ракеталарга ҳам бардош бера олиши айтилмоқда. Жанговар машина 1919-1923 йилларда Туркиянинг мустақиллик урушида қатнашган генерал Фаҳреттин Алтай хотирасига шу ном билан аталган.
Таъкидланишича, танк деярли бутунлай Туркия мудофаа корхоналари томонидан ишлаб чиқилган. Қуролларнинг алоҳида элементлари, шу жумладан, ўқлари ҳам Жанубий Кореянинг “Hyundai” компаниясидан мамлакатга берилган лицензиялар асосида ишлаб чиқаришга қарор қилинган.
“Altay” танкининг янги версиясини ишлаб чиқарувчиси Туркиянинг “BMC Defense” компаниясидир. Танкдаги ёнғинни назорат қилиш компьютер тизими ёрдамида амалга оширилади.
Биринчи босқичда 250 та танк ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Анқара жами мингта жанговар машина ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Келажакда масофадан бошқариладиган версияларни чиқариш режалаштирилган.
Танкни синовдан ўтказиш 2024 йилда якунланиши режалаштирилган, 2026 йилнинг иккинчи ярмида эса маҳаллий танкни оммавий ишлаб чиқариш бошланади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия “Anadolu” жанговар дронлари учун дунёдаги биринчи самолёт ташувчи кемасини фойдаланишга топширганди
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15