Эрдўған Қиличдорўғлини АҚШдан кўрсатма олганликда айблади

Олам

image

Бугун, 13 май куни Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған президентлик сайловларида биринчи турда ғалаба қозонишига ишонч билдирди. Бу ҳақда “Report” хабар берди.

“Биз нима керак бўлса, шуни қиламиз ва буни биринчи турда якунлаймиз. Эртага сайлов участкаларида буни қиламиз”, деган Эрдўған. 

Амалдаги Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, овоз бериш натижалари Эрдўғаннинг ҳозирги рақиби Камол Қиличдорўғлини қўллаб-қувватлашини билдирган АҚШ Президенти Жо Байденга жавоб бўлади. 

“Жаноб Камол нима деяпти? Агар у сайловда ғалаба қозонса, Туркия Россияга қарши санкциялар қўйишини айтмоқда. Бу нима дегани? Россиядан деярли беш ярим миллион сайёҳ келади. Буни Байдендан олган кўрсатма билан қилмоқчимисиз? Эртага сайловчилар ҳам Байденга жавоб беради”, деб тушунтирган Эрдўған.

Камол Қиличдорўғли эса телевидениеда бераётган интервьюси реклама туфайли тўхтатилганидан сўнг, агар сайловда ғалаба қозонса, давлат раҳбари бир вақтнинг ўзида бир нечта ОАВда чиқиш қилиш амалиётига чек қўйишга ваъда берган. Чунки амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Қиличдорўғли интервьюсига параллел равишда бирданига 14 та оммавий ахборот воситасининг жонли эфирида саволларга жавоб берган.

“Биз бу давлатни бошқарадиган бўлсак, турли телеканалларда бир хил контентни ҳеч қачон кўрмайсиз. Биз сизга демократияни ваъда қиламиз”, деган Қиличдорўғли.

Шунингдек, бугун, 13 май куни “Areda” социологик компанияси ўз тадқиқотларини эълон қилган. Унда айтилишича, Туркияда президентлик пойгасидан бир номзоднинг чиқиб кетиши сайловнинг биринчи турида Эрдўғаннинг ғалаба қозонишини таъминлайди. Компания томонидан 11-12 май кунлари 25 минг киши ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, Туркиянинг амалдаги Президенти 51,3 фоиз овоз тўплаши мумкин, бу эса биринчи турда ғалаба қозониш учун етарли.

Истанбулдаги “Turkiye Raporu” социологик маркази томонидан ўтказилган сўров натижалари эса бунинг аксини кўрсатади. Унга кўра, Қиличдорўғли Туркияда эртага, 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг биринчи босқичида оз фарқ билан Қиличдорўғли ғалаба қозониши мумкин. Туркиянинг 29 вилоятида 3577 респондент ўртасида ўтказилган сўров натижалари Қиличдорўғли 50,5 фоиз, Эрдўған эса 45,6 фоиз овоз тўплай олишини кўрсатган.

Туркия Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, сайловларда жами 64 миллион Туркия фуқароси қатнаша олади. Республика ва хорижда жами 191 884 та сайлов қутилари ўрнатилади.

Маълумот учун, Туркияда президентлик сайловларида уч номзод иштирок этмоқда. Олий давлат лавозими учун асосий кураш Қиличдорўғли ва Эрдўған ўртасида давом этади. “Аждодлар” сиёсий альянси номзоди Синан Оған, социологлар прогнозларига кўра, 4 фоиздан кўп бўлмаган овоз тўплайди. Ғалаба қозониш учун 50 фоиздан кўпроқ овоз олиш керак. Маҳаллий сиёсатшунослар Туркияда президентлик сайловлари икки босқичда ўтказилишини истисно қилмаяпти. Бунда иккинчи тур 28 май куни бўлиб ўтади. Кўпчилик овоз тўплаган номзод ғолиб деб эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, сайловга уч кун қолганида “Ватан” партиясидан кўрсатилган номзод Муҳаррам Инже президентлик пойгасидан чиққанди. Қиличдорўғли эса Россияни Туркиядаги президентлик сайлови арафасида ижтимоий тармоқларда сохта материаллар тарқатганликда айблаганди. Бунга жавобан Эрдўған хорижий давлатлар билан алоқада 20 йиллик тажрибага эга эканини, уларнинг асл ниятларини яхши билишини эслатиб, рақибининг айбловларини "уятли" деганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Эрдўған Байден Қиличдорўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг