Эрдўған: “Ғазо – дунёнинг энг катта аёллар ва болалар қабристони”

Олам

image

Ғазода 353 кундан буён давом этаётган қирғин оқибатида 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 10 мингдан ортиқ фаластинлик бедарак кетди, 100 мингга яқин одам жароҳат олди. Бу рақамларни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған шу кунларда бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 79-сессиясидаги нутқида келтирди. 

Унинг қайд этишича, оғир шароитларда ўз бурчини адо этаётган 172 журналист ҳам Исроилнинг қирғини қурбони бўлган. Бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолишга масъул бўлган 500 нафар соғлиқни сақлаш ходими, ҳатто, ўз ҳаётини ҳам муҳофаза қилолмаган. 

“Очлик ва ташналик билан курашаётган Ғазо халқига ёрдамга келган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 210 дан ортиқ ходими ва инсонпарварлик ёрдами ходимлари ҳалок бўлди. Исроил кучлари 820 та масжид ва учта черковга зарба берди, уларга ҳатто урушда ҳам тегмаслик керак. Улар ўнлаб шифохоналар, юзлаб мактаблар ва беморларни олиб кетаётган 130 дан ортиқ тез ёрдам машиналарига зарба берди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомини БМТ минбарида йиртиб ташлаш орқали уялмай, бутун дунёга ва барча виждон эгаларига қарши чиқдилар”, дейди Туркия раҳбари. 

Эрдўған сўзида давом этаркан, Исроилнинг концлагерга айлантирилган қамоқхоналаридан сиздирилган тасвирлар дунё қандай зулмга дучор бўлаётганини очиқ кўрсатганини айтди. У Ғазони дунёнинг энг катта аёллар ва болалар қабристони деб атади. 

“17 мингдан ортиқ бола Исроилнинг ўқлари ва бомбалари нишонига айланди. Ҳинд Ражап эндигина олти ёшда эди. Улар қариндошлари билан хавфсиз жой қидираётганларида, машинаси Исроил кучлари томонидан ўққа тутилган. Тоғаси, янгаси, жиянлари, ҳамма вафот этди, фақат ўзи тирик қолди. 

У 12 кун давомида чорасизликда қутқарилишини кутди. “Мени олиб кетасизми? Қўрқяпман!” дея ёрдам қўли узатилишини кутди. Дунёмиз эришган даража, қўл остимиздаги технологияларга қарамай, минглаб ходимларни иш билан таъминлаган бюджет ташкилотлари, 8 миллиард кишилик инсоний оила ўлароқ кўз ўнгимизда курашаётган ярадор чумчуқ янглиғ 6 яшар қизалоқни, афсуски, сақлаб қола олмадик”, дейди Президент.

У  юзлаб ғазолик болаларнинг бир луқма қуруқ нон, бир қултум сув, бир коса шўрва топа олмагани учун ўлганини ва ҳали ҳам ўлишда давом этаётганини айтди. Унинг алоҳида урғулашича, Ғазода нафақат болалар, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими, ҳақиқат, Ғарб ҳимоя қилмоқчи бўлган қадриятлар, инсониятнинг янада адолатли дунёда яшаш умидлари бирин-кетин ўлиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг