Эрдўған “дон йўлаги” масаласида Путиннинг айтганларини тасдиқлади

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Самарқандда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Россия Президенти Владимир Путин билан Украинадан дон экспорт қилиш масаласини гаплашиб олмоқчи. Бу ҳақда бугун, 8 сентябрь куни унинг ўзи Хорватия Президенти Зоран Миланович билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Путин “дон йўлаги” орқали юклар энг қашшоқ мамлакатларга етказиб берилмаётганини тўғри айтди. Юклар ривожланган мамлакатларга боряпти. Анқара Россиядан ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бошланишига умид қилади ва қўллайди. Самарқандда Путин билан бу масалани муҳокама қиламан”, деган Эрдўған.

Туркия раҳбари “ғалла йўлаги”ни шакллантириш ғояси озиқ-овқат инқирози фонида энг қашшоқ мамлакатларни қўллаб-қувватлашга асосланганини эслатган.

“Россияга қарши санкцияларнинг давом этиши фонида Москвага чекловлар жорий этган мамлакатларга дон етказиб берилиши Путинни хавотирга солмоқда. Биз Россиядан ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тарафдоримиз. Бу масалани ҳал қилиш учун биз Путин билан мавзуни ҳар томонлама муҳокама қиламиз (ШҲТ саммити доирасида), - деган Эрдўған.

Туркия Президенти Украинадаги уруш фонида энергия бозорларидаги вазиятга эътибор қаратган.

“Айни дамда Европа яқинлашиб келаётган қиш ойларига тайёргарликдан хавотирда. Энергия нархи жуда юқори, бу Ғарб ва Европани хавотирга солмоқда. Умид қиламанки, керакли қадамлар туфайли муаммо ҳал бўлади”, дейди Туркия раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Путин 7 сентябрь куни Шарқий иқтисодий форумдаги нутқида Украина дони дастлаб айтилганидек асосан ночор ва ривожланаётган давлатларга эмас, Европанинг ривожланган мамлакатларига жўнатилаётганини қоралаганди. РФ Президенти бу масалани Эрдўған билан муҳокама қилишини таъкидлади.

Маълумот учун, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Келишув кучга кирганидан кейин август ойида Украина портларидан 1,67 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат экспорт қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг