Августда Украинадан қанча озиқ-овқат экспорт қилингани маълум бўлди

Олам 2138
image
-

“Озиқ-овқат келишуви”ни амалга ошириш бошланган 1 августдан буён Украина портларидан 1,67 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат экспорт қилинди. Бу ҳақда кеча, 1 сентябрь куни Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштирувчи марказ (ҚММ) томонидан эълон қилинган баёнотда айтилади.

“1 сентябрь ҳолатига кўра, Украинанинг учта портидан экспорт қилинган дон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий ҳажми 1 миллион 677 минг 396 тоннани ташкил этди”, дейилади ҳужжатда.

ҚММ маълумотларига кўра, ўтган ой давомида унинг мутахассислари томонидан Украина портлари йўналиши бўйича 78 та кеманинг ўтишига рухсат берилган, 68 та кемага озиқ-овқат юклари билан портларни тарк этишга рухсат берилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Истанбулда шартнома тузилганига 24 соат тўлмасдан, 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 2.9
t
×