Эрдўған БМТни китоб билан “савалади”
Олам
−
06 Сентябрь 2021
16163Бугун, 6 сентябрь куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг “Дунё янада адолатли бўлиши мумкин” номли китоби нашрдан чиқди. Унда Президент Эрдўған дунёда давом этаётган урушлар, қирғинбаротлар, очлик, қурғоқчилик, қашшоқлик ва пандемия фонида уларнинг янада ортиб бораётгани, БМТ эса қўл қовуштириб ўтирганини ёзади.
Китобда давлат раҳбари Туркиянинг бутун инсоният учун адолатни таъминлаш ҳаракатларини батафсил тасвирлаб беради.
Туркия раҳбари ўз ишида глобал сиёсатдаги иккиланишларга, хусусан, адолатсизлик, миграцион инқироз, халқаро терроризм ва исломофобия муаммосига ишора қилиб, БМТ мисолида дунёдаги камситиш ва икки томонлама стандартларни очиб беради.
Китоб муаллифи БМТнинг қонунийлик, имкониятлар, самарадорлик, инклюзивлик, вакиллик ва бошқарув каби муаммоларига эътибор қаратган.
Туркия Президенти бир неча йиллардан буён БМТ Хавфсизлик Кенгашини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлаб келади. У китобда яна бир бор ушбу масалага тўхталган.
Туркия давлати раҳбари асар орқали "болалар ўлган ва ўлдирилган дунёда бегуноҳ одамлар йўқ" деган ғояни илгари суради. Қолаверса, Эрдўған замонавий жаҳон ҳамжамиятига энг зарур нарса адолат деб ҳисоблайди.
“Афсуски, глобал адолатни ўрнатишга масъул бўлган институтлар, аксинча, бунга қарши иш юритмоқда”, дейилади китобда.
Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, раҳм-шафқат йўқолган асрда сиёсатчилар адолатни таъминлаши ва виждон овозига айланиши шарт.
Туркия адолат – кучдадир эмас, куч – адолатдадир тизими ўрнатилгунча “Дунё бешдан буюк” ғояси асосида БМТни ислоҳ қилишга чақиришда давом этади, дея таъкидлаган муаллиф.
Эрдўған, ўтмиш талабларига мувофиқ шаклланган институтлар ёрдамида бугунги давр муаммоларини ҳал қилишнинг иложи йўқлигига ишора қилади.
Бундан ташқари, “Бу институтлар янги муаммоларни келтириб чиқариши аниқ”, дейди Туркия раҳбари.
“Бизнинг тушунчамизга кўра, адолат – бу дунё тартибини, дунёни қутқаришни ва унинг бахтини таъминлайди. Одил дунё учун ишонч ва умидни таъминлайдиган глобал тартиб керак”, дейилади китобда.
Қайд этилишича, китоб турк, инглиз, немис, араб, француз, рус ва испан тилларида чоп этилган. Ундан тушган барча маблағлар Туркия ҳукуматининг Фавқулодда вазиятлар бошқармасига ўтказилади.
Маълумот ўрнида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 5 доимий аъзоси бўлиб, булар – АҚШ, Хитой, Франция, Россия, Англия. Туркия бир неча йиллардан буён Хавфсизлик кенгаши таркиби кенгайтирилиши кераклигини талаб қилиб келади.