Эрдўған Ар-Риёдда ҳам Ғазо масаласини кўтаради
Олам
−
10 Ноябрь 2023
4602Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитининг асосий мавзуси ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторидаги инқирозни бартараф этиш бўлади. Бу ҳақда Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған Тошкентда ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитидан қайтгач, журналистларга маълум қилди.
“Ушбу саммитнинг асосий мавзуси Исроил ва Фаластин ўртасидаги уруш бўлади. Биз у ерда масаланинг барча тафсилотларини муҳокама қилиш ва инсонпарварлик сулҳини имкон қадар тезроқ таъминлаш учун музокаралар олиб бориш мақсадида йиғиламиз. Биз Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг ҳар бири нима қила олиши, Форс кўрфази давлатлари нима қила олиши, Форс кўрфази давлатларидан ташқаридагилар нима қилиши мумкинлигига эътибор қаратамиз. Шунинг учун мен Ар-Риёддаги учрашувга катта аҳамият бераман. Ислом давлатларининг Фаластин масаласига нисбатан муносабати маълум ва биз ўт очишни тўхтатиш ва доимий тинчликни таъминлаш учун кўп нарса қилишимиз мумкин. Биз ҳал қилувчи, самарали ва тинчликка хизмат қиладиган чоралар кўришимиз керак”, деган Эрдўған.
Туркия Президенти Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити қарорлари Исроилнинг Ғазодаги агрессиясини тўхтатиш йўлида катта қадам бўлиши мумкинлигига умид билдирган.
"Ўйлайманки, саммитда қабул қилинадиган қарорлар инқирозни ҳал қилиш жараёнининг давом этиши учун жуда муҳим бўлади. Минтақа давлатлари ва Ислом олами иштирок этаётган йиғилишда қабул қилинадиган қарорлар Исроил тажовузини тўхтатиш йўлида катта қадам бўлади. Биз бу минтақанинг аҳолисимиз, бу ерга ташқаридан келганлар каби импульсив ва популистик сиёсат олиб боролмаймиз. Бирдамликда қарор қабул қилиш мумкин ва бу ҳақда Ар-Риёдда гаплашамиз. Бизнинг устувор ва асосий мақсадимиз тинчликдир”, дейди Эрдўған.
Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Исроил Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатишга чин дилдан эришмоқчи бўлса, унга босим ўтказиши керак.
"Бизга ҲАМАСга қарши чиқишлар ва бўш гуманитар шоулар эмас, аниқ қадамлар керак. АҚШ ва Ғарб яхшироқ йўл харитасини ишлаб чиқмоқчимиз, дейди. Лекин БМТ резолюцияларидан яхшироқ вариант борми? Агар ўт очишни тўхтатиш борасида самимий бўлсангиз, бу резолюцияларга риоя қилиш учун Исроилга босим ўтказинг. Биз бу қон оқаётган яранинг кучайишини тўхтатиш учун нимадир қилишга ҳаракат қилмоқдамиз. Агар Қўшма Штатлар ҳам худди шундай туйғуни баҳам кўришни бошласа, унда Исроилни тўхтатиш бундан ҳам осонроқ бўлади" деган Туркия Президенти.
Шунингдек, Эрдўған Анқара Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилиш йўлларини фаол излашда давом этаётганини ва батафсил режа тайёрлаётганини айтган.
“Биз бу масалада барча халқаро платформаларни фаол ва оператив сақлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Биз ўт очишни тўхтатишни таъминлаш учун дипломатик воситалардан тўлиқ фойдаланамиз, суҳбатдошларимизга тўғри, адолатли ва доимий ечим топиш бўйича йўл харитасини тушунтириб, уни амалга ошириш учун халқаро жамоатчилик фикрини шакллантиришга ҳаракат қиламиз. Биз ўт очишни тўхтатишдан кейин қандай қадамлар ташлашни энг майда деталларигача режалаштирамиз ҳамда мустаҳкам ва барқарор тинчлик ўрнатиш учун формулалар ишлаб чиқамиз”, деган Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 ноябрь куни Туркий Давлатлар Ташкилотининг Остонада бўлиб ўтган 10-саммитида Ражаб Тойиб Эрдўған Фаластинда бутун дунё аҳли кўз ўнгида мисли кўрилмаган инсоният фожиаси юз бераётганини, ТДТнинг Фаластиндаги инқироз юзасидан тутадиган позицияси бошқа халқаро ташкилотларга ўрнак бўлишини айтганди. Кеча, 9 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик кенгашининг 16-саммитида ҳам Эрдўған Ғазо масаласини кўтарган ва Ғарбни иккиюзламачиликда айблаганди.
LiveБарчаси