Британия фаластинликларга ёрдам беришни қайта тиклади (видео)

Олам

image

Буюк Британиянинг янги Лейбористлар ҳукумати БМТнинг Фаластин қочқинлари бўйича агентлиги (UNRWA)ни молиялаштиришни 6 ойлик тўхташдан сўнг яна давом эттиради. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми маълум қилди.

“Swis info” нашри буни Лейбористлар ой бошида ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг, Исроил-Фаластин можаросига қандай ёндашиш бўйича  ҳукуматнинг қилган биринчи катта ўзгариши сифатида қайт этган.

2023 йилнинг 7 октябрь куни бошланган урушда Исроилга ҳужум давомида баъзи агентлик ходимлари иштирок этганликда айбланиши ортидан, Британия БМТнинг Фаластин қочқинлари бўйича ёрдам ва ишлар агентлигини (UNRWA) молиялаштиришни тўхтатган эди.

Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми парламентда миллионлаб фаластинликларга таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа масалаларда ёрдам кўрсатувчи агентлик энг юқори стандартларга эга бўлиши учун чоралар кўрганига ишонч билдирган.

 

Лэммининг сўзларига кўра, UNRWA Ғазодаги ёрдам операцияларининг асоси бўлиб, ҳудуд аҳолисининг қарийб ярмини озиқлантиришга ёрдам беради ва ҳукумат агентликка 21 миллион фунт стерлинг (27 миллион доллар) қайта маблағ ажратади.

“Ғазодаги гуманитар вазият жуда ҳалокатли. Оналар ўз болаларини овқатлантира олмаяптилар. Кўплаб оилалар ўз уйларини тарк этмоқдалар. Бундай фалокат шароитида гуманитар ёрдам маънавий заруратдир. Ва ана шундай оғир дамда UNRWA Ғазога гуманитар ёрдам етказувчи бирдан-бир қудратли ташкилотдир”, деган Ташқи ишлар вазири.

Маълумот учун, бошқа давлатлар, жумладан Япония, Германия, Италия, Австралия ва Канада ҳам агентликни молиялаштиришни қайта тиклади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил парламенти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлар агентлигини “террорчи ташкилот” деб эълон қилмоқчилиги хабар қилинганди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса UNRWA ва унинг ходимларини қўллаб-қувватлашга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Фаластин Ғазо UNRWA Лейбористлар Дэвид Лэмми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made