Эрдўған ҲАМАС етакчиси билан учрашди
Олам
−
20 Апрель
5084Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 20 апрель куни Истанбулда ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хонияни қабул қилди. Бу ҳақда TRT Haber телеканали хабар берди.
“Матбуот учун ёпиқ эшиклар ортида ўтган учрашувда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш, Исроил билан гаровга олинганларни алмашиш ва Фаластин анклавига гуманитар ёрдам етказиш масалалари муҳокама қилинди”, деб таъкидлади телеканал.
Маълумот учун, ҲАМАС раҳбари бундан олдин Туркияга бир неча бор ташриф буюрган ва Эрдўған билан учрашган. Эрдўған 17 апрель куни парламентда сўзлаган нутқида, ҲАМАСни террорчи ташкилот деб ҳисобламаслигини яна бир бор таъкидлаганди. Шунингдек, у ҳаракатни 1923 йилда Туркия Республикасининг эълон қилинишига олиб келган миллий озодлик уруши даврида, 1918-1922 йилларда, Анадолуда фаолият юритган Кувайи Миллие кўнгилли кучларига қиёслаганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрдўған Исмоил Хонияга ўғиллари ва невараларининг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирганди. Бугун, 20 апрель куни Американинг “The Wall Street Journal” нашри ҲАМАС ҳаракатининг сиёсий раҳбарияти Қатардан бошқа давлатга кўчиб ўтмоқчи экани ҳақида хабар берди.