Ўзбекистон Саудия Арабистонида қолаётган 244 фуқаросини олиб чиқиб кетди
Жамият
−
09 Март 2020
5740Ўзбекистон Умра зиёрати амалларини бажариш учун борган 244 фуқаросини Саудия Арабистонидан олиб чиқиб кетди. Улар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг махсус чертер-рейсида Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Жидда-Тошкент рейси бўйича олиб келинган барча йўловчиларнинг тана ҳарорати икки марта ўлчанган. Улар орасида коронавирус касаллиги аломатлари аниқланмаган. Эндиликда улар ўз турар жойларида 14 кунлик тиббий назорат остида бўладилар.
Маълумот ўрнида, Саудия Арабистони коронавирус тарқалган мамлакатлар қаторидан ўрин олган. Мамлакатда касалликка чалинганлар 11 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 февралидан эътиборан Саудия Арабистони янги коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун қатор чекловлар жорий қилди. Хусусан, ҳукумат мусулмонлар учун Умра зиёратини амалга ошириш ва Мадинада Набавий Масжидини зиёрат қилишни вақтинча тўхтатиб қўйди. Шунга кўра, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Жидда ва Мадина шаҳарларига рейсларни тўхтатди ва Саудия Арабистонида қолаётган ўзбекистонликларни олиб келиш учун бир неча рейслар амалга оширилишини эълон қилди.
Орадан бир неча кун ўтгач, Мадинадаги Набавий Масжиди, Каъба атрофида тозалаш ва дорилаш ишлари олиб борилди. Орадан кўп ўтмай, масжид яна зиёратчилар учун очилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг маълум қилишича, коронавирус жаҳоннинг 101 та давлатига кириб борди. Вирус билан оғриган беморлар 111 2003 нафарни ташкил этмоқда. Вафот этганлар эса 3880 нафарга етди. Тузалган беморлар эса 62 043 нафар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь