Эртадан шифокор рецептисиз дори сотиб олиб бўлмайди (видео)

Жамият

image

Эртага, 12 декабрдан бошлаб DMED электрон рецепт тизими ишга туширилади. Барча рецепт бўйича бериладиган дори-дармонлар фақат рақамли рецепт асосида берилади. Бу ҳақда “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш буйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорида келтирилган. 

Фақат рецепт бўйича бериладиган дорилар: 

  • антибиотиклар;
  • гормонал препаратлар;
  • психотроп воситалар;
  • “рецепт бўйича” деб кўрсатилган исталган дори.

Электрон рецепт қандай ишлайди:

Шифокор DMED орқали рецепт ёзади, бемор эса ID ёки QR-код билан дорихонадан дори олади.

Рецептни сохталаштириб бўлмайди – шифокор, клиника ва дорихона маълумотлари автоматик тарзда қайд этилади.

Бу нима учун жорий этилмоқда: 

  • дори тайинлашни назорат қилиш;
  • антибиотикларни кўрсатмасиз сотилишининг олдини олиш;
  • халқаро тиббий стандартларга мослаш.

Рецептсиз қоладиганлар: 

  • фақат кўрсатмаси “рецептсиз” деб белгиланган препаратлар (Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ягона рўйхатни кейин эълон қилади).

Электрон рецепт орқали дориларни олиш жараёни бир нечта босқичдан иборат:

  1. Бемор шифокорга мурожаат қилади, у клиник протоколлар ва стандартларга асосан даволашни белгилайди.
  2. Беморнинг маълумотлари ва тайинланган дорилар тиббий ахборот тизимига киритилади ва электрон тиббий карта тузилади.
  3. Бу маълумотларга асосан QR-код ва шифокорнинг электрон имзоси билан электрон рецепт расмийлаштирилади.
  4. Бемор ёки унинг вакили аптекака боради, фармацевт рецептни текшириб, дорини беради ва унинг маълумотларини тизимга киритади.
  5. Агар керак бўлса, шифокор электрон рецептни қоғозга чоп эттириб, уни беморга бериш имкониятига эга.
  6. Стационар даволанишдан ўтган беморлар учун электрон рецептлар даволаниш ёки касаллик тарихи билан бирга ишлаб чиқилади, қабул қилиш муддати аниқ кўрсатилади.

Электрон рецептда қуйидаги маълумотлар бўлади:

  • Тиббий ташкилот ва унинг лицензияси ҳақидаги маълумотлар;
  • Бемор ҳақидаги маълумотлар (ЖШШИР, Ф.И.Ш., туғилган сана);
  • Диагноз (МКБ бўйича);
  • Дори номи, дозаси, қабул қилиш режаси ва муддати;
  • Рецепт рақами ва бериш санаси;
  • Шифокорнинг маълумотлари.

Шу билан бирга, электрон рецепт билан фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган препаратлар берилса, фармацевтлар препаратнинг серияси, тугаш муддати ва партиясини тизимга киритиши керак. Шифокорлар эса препаратларнинг ҳаракати ҳақида онлайн кузатиш имконига эга бўлади.

Электрон рецепт тиббий кўрсатмалар бўлмаган ҳолда, мамлакатда рўйхатдан ўтмаган дориларга (орфан препаратларидан бошқаси) ҳамда анестезия учун қўлланиладиган воситаларга тузилмайди. Тиббий муассасаларда электрон рецептларни тўғри тузиш бўйича назорат соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади. Аптекаларда ушбу тизимни қўллаш бўйича назорат фармацевтика хавфсизлиги марказига топширилади.

Шу билан бирга, ҳужжат айрим категорияларига кирувчи кучли таъсир қилувчи, наркотик ва психотроп моддаларни ҳисобга олиш механизмини 2027 йил 1 январга қадар таклиф қилишни талаб қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

шифокор рецепт электрон рецепт тизими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг