Энди маҳкумларнинг қамоқдаги меҳнати учун “стаж” ёзилади
Жамият
−
16 Февраль 2023 3963 2 дақиқа
Ўзбекистонда маҳкумларнинг жазони ўташ даврида бажарадиган иши пенсия тайинлашда иш стажига қўшилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Президент томонидан имзоланган қонун билан айрим ҳужжатларга маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига киритилган қўшимчага кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Шунингдек, “Жиноят-ижроия кодекси”га маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганини аниқлаш мезонлари киритилди.
Унга кўра, маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтгани Комиссия томонидан ҳар чорак якунларига кўра қуйидаги мезонлардан бири асосида белгиланади:
• маҳкумнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шаклланганлиги, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга қизиқиши;
• маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, унинг ташаббуси, бошқа маҳкумларга ибрат бўлишга интилиши;
• маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасида ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилгани, унга интизомий жазо чораси қўлланилмагани.
Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса Комиссия томонидан расмийлаштирилади ва маҳкумнинг шахсий йиғма жилдига қўшиб қўйилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Live
Барчаси