Электрдан тижорий мақсадда ноқонуний фойдаланган боғча аниқланди
3-саҳифа
−
27 июл 2179 1 дақиқа
Электр тармоғига ноқонуний уланиб, қарийб 300 млн сўмлик электр энергиясидан фойдаланган шахслар фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Хонқа тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тумандаги мактабгача таълим муассасаси ҳамда “X.D” МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктиргани аниқланган.
Улар муассаса биносида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида тўғридан-тўғри уланиб, жами 180,5 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган. Фуқаролар Ф.А. ва А.Х. “Чорсу” МФЙ ҳудудидаги кўчма савдо дўконида электр тармоғига ноқонуний уланиб, 105,1 млн сўмлик электр энергиясини ўзлаштиргани аниқланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида 797 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган новвойхона аниқланган эди.
Live
Барчаси