Элдор Шомуродов жамоаси карантинга олинди

Спорт 7346
image

Россиянинг “Ростов” футбол клуби икки ҳафтага карантинга олинди. Бунга асосий таркибнинг олти нафар аъзосида коронавирус аниқлангани сабаб бўлди. Бу ҳақда клуб расмий сайтида хабар қилинди.

“Сўнгги таҳлиллар натижаси асосий таркибимизнинг олти ўйинчисида аномалияларни кўрсатди. Ҳозир ўша футболчилар изоляция қилинди. Улар билан 42 киши – бу асосий таркибнинг барча ўйинчилари, мураббийлар штаби ва жамоа персонали алоқада бўлган”, дейилади хабарда.

Гап Роман Еременко, Хорен Байрамян, Матиас Норманн, Ивелин Попов, Арсений Логашов, Деннис Хажикадунич ҳақида кетяпти.

“Ростов” Россия чемпионатига старт берилгунча 2 ҳафтага карантинга кетди. 19 июнь куни жамоа сафарда “Сочи” билан ўйнаши керак эди.

14 кунлик карантин даврида “Ростов” Россия чемпионати доирасида яна икки ўйин ўтказиши керак эди. Жумладан, ўз майдонида “Арсенал” ва “Краснодар”ни қабул қилиши режалаштирилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳам “Ростов”нинг асосий таркиб ўйинчиси ҳисобланади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 163
Рейтинг: 2.9
t
×