Дунёдаги энг катта ракетанинг синов парвози кечиктирилди

Технология

image

SpaceX ўзининг Ой, Марс ва ундан узоқ масофаларга астронавтларни юбориш учун яратган тарихдаги энг катта ракета – Starship'нинг илк синов парвозини кечиктирди. Бу ҳақда “Yahoo News” хабар берди.

SpaceX компаниясининг маълум қилишича, ракета парвозига бир неча дақиқа вақт қолганида кучайтирилган босқичдаги босим сабаб жараён тўхтатилган. 

SpaceX асосчиси Илон Маскнинг таъкидлашича, босим клапани музлаб қолган, бу эса Техаснинг Бока-Чика шаҳридаги SpaceX космодроми Starbase'дан маҳаллий вақт билан 08:20  (Тошкент вақти билан 18:20) да парвоз бекор қилинишига сабаб бўлган. Маск бир неча кундан кейин парвозни амалга оширишга яна уриниб кўриши ҳақида ёзган. Бу ракетани учириш камида 48 соатга кечиктирилганини англатади. 

NASA 2025 йил охирида “Артемида III” дастури доирасида астронавтларни Ойга олиб чиқиш учун айнан Starship ракетасини танлаган. Бу 1972 йилда “Аполлон” миссияси якунланганидан кейинги дастлабкиси бўлиши кутилмоқда. 

Илон Маск парвоздан аввал унинг кечиктирилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. 

“Бу жуда хавфли парвоз. Бу ўта мураккаб ва улкан ракетанинг дастлабки парвози. Унинг ишдан чиқишига миллионлаб омиллар сабаб бўлиши мумкин. Биз жуда эҳтиёт бўламиз ва агар бизни хавотирга соладиган ниманидир кўрсак, парвозни кейинга қолдирамиз”, деган эди у.

Starship дастлаб орбитага чиқарилиши, сўнг бошқа ракета ёрдамида унга ёқилғи тўлдирилиб, Марсга қадар етказиб борилиши режа қилинган. 

Маск ушбу дастурнинг мақсади Ой ва Марсда базалар қуриш ҳамда одамларни кўп сайёравий цивилизацияга эга бўлишини йўлга қўйиш эканини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

SpaceX Starship

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг