Дунёда янги вирус тарқалиши мумкинми? ЖССТ жавоб берди
Саломатлик
−
03 Октябрь
8489Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Марбург вирусининг глобал миқёсда тарқалиш хавфини паст даражада деб баҳоламоқда. Аммо, ушбу хавф Руанда ва минтақавий миқёсда жуда юқори. Бу ҳақда ташкилот вакилига таяниб, “Precision vaccinations” хабар берди.
Маълум қилинишича, касаллик тарқалишининг тўлиқ кўламини аниқлаш учун тадқиқот давом этмоқда ва хавф даражаси янги маълумотларга қараб янгиланади. Шунинг учун, ҳозирча ЖССТ Руандага сафар қилишни чеклашни тавсия этмайди.
ЖССТ ҳудудий тарқалиш хавфини, хусусан, Руанданинг Конго Демократик Республикаси, Танзания ва Уганда билан чегарадош ҳудудларида аввал ҳам Марбург вирусига оид ҳолатлар кузатилгани сабабли, юқори деб баҳоламоқда. Ташкилотнинг таъкидлашича, Руанданинг пойтахтидаги халқаро аэропорт ва бир нечта Шарқий Африка шаҳарлари билан боғловчи йўллар мавжудлиги туфайли халқаро тарқалиш хавфи ҳам мавжуд.
Сўнгги маълумотларга кўра, Руандада Марбург вирусининг 36 та ҳолати қайд этилган бўлиб, улардан 11 нафари ўлим билан якунланган. Руанда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 сентябрь куни Марбург иситмасининг янги ўчоғи бошланганини тасдиқлаган.
Маълумот учун, ушбу вирус Эбола вируси билан бир хил оилага мансуб. Марбург вирусининг ўлим даражаси вирус штамми ва даволаш усулларига қараб 24 фоиздан 88 фоизгача ўзгаради. Ҳозирги вақтда бу касалликка қарши махсус дори воситаси йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Гамбург шаҳри полицияси Марбург иситмаси билан касалланган эркак поездлардан бирида келгани эҳтимоли туфайли шаҳарнинг бош вокзалини қисман ёпиб қўйган эди.
LiveБарчаси
Афруза Ҳамдамова 2 карра жаҳон чемпиони.
09 Ноябрь