Дунёда маймун чечаги  билан касалланиш ҳолати камайди – ЖССТ

Саломатлик

image

Дунё бўйлаб MPOX  (аввалги номи маймун чечак) вируси билан касалланиш ҳолатлари камаймоқда. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди

Унга кўра, 2023 йил октябрь ойида дунёда 660 дан ортиқ MPOX касаллиги аниқланган ва 2022 йил бошидан буён касалланганларнинг умумий сони 91минг 788 кишидан ошди. Уларнинг 167 нафари вафот этган. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, касаллик 116 мамлакатда қайд этилган.

Маълумотларга кўра, 1 октябрдан 31 октябргача бутун дунё бўйлаб 668 та янги инфекция ҳолати қайд этилган. Бу сентябрь ойига нисбатан 23 фоизга кам. Октябрь ойида энг кўп ҳолатлар икки минтақада - Ғарбий Тинч океани (барча инфекция ҳолатларининг 30 фоизи) ва Европада (25 фоиз) аниқланган. Аммо октябрь ойида 13 давлат сентябрь ойига нисбатан инфекциялар аниқланиши кўрсаткичининг ошгани ҳақида хабар берган.

2022 йил бошидан буён касалланиш бўйича энг кўп кўрсаткич 30 минг 771 нафар бемор билан АҚШда қайд этилган. Иккинчи ўринни Бразилия (10 967) эгаллаган. Учликка 7 минг 647 та касаллик ҳолати билан Испания якун ясаган. Кейинги ўринлардан эса Франция (4 161), Колумбия (4 090), Мексика (4 065), Буюк Британия (3 820), Перу (3 812), Германия (3 757) ва Хитой (1 935) жой олган. Ушбу мамлакатларнинг умумий кўрсаткичи барча ҳолатларнинг 81,7 фоизини ташкил қилади. Касалланганларнинг 96,3 фоизи 29 ёшдан 41 ёшгача бўлган эркаклардир.

Бутун дунёда MPOX  сабабли 2022 йил июлдан 2023 йил 11 майгача фавқулодда ҳолати эълон қилинганди. Аммо касалликнинг камайгани туфайли у бекор қилинди.

Маълумот учун, MPOX кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, у, асосан, марказий ва ғарбий Африканинг чекка ҳудудларида, тропик ўрмонлар яқинида учрайди. Ушбу касалликнинг ҳайвонлардан одамларга юқиши бўйича биринчи ҳолат 1970 йилда Конго Демократик Республикасида қайд этилган. ЖССТ маълумотларига кўра, вирус одамларга кемирувчилар ва приматлар каби ёввойи ҳайвонлардан юқади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маймун чечаги вирусининг номини “MPOX” деб ўзгартирилишини эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ маймун чечаги MPOX

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made