Дунёда 14,3 млн бола умуман эмланмаган – ЖССТ

Саломатлик

image

Дунё бўйича қарийб 14,3 миллион бола ҳали ҳам умуман эмланмаган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва UNICEF’нинг миллий эмлаш даражасини баҳоловчи умумий ҳисоботида айтилади.

Унга кўра, 2023 йилга нисбатан ўтган йили дунё бўйича эмланмаган болалар сони 171 минг нафарга камайган. Шунга қарамай, ҳали ҳам 14 млндан ортиқ бола эмланишга муҳтож. Яна 5,7 миллион бола эса фақатгина баъзи дозаларни олган бўлиб, улар тўлиқ ҳимоя остида эмас.

ЖССТнинг эмлаш, вакциналар ва биологик маҳсулотлар бўйича директори доктор Кейт Брайен вазиятни “ташвишли” деб баҳолаган. Унинг айтишича, глобал мақсад – ҳар бир болага ҳаёт учун муҳим бўлган вакциналарни етказишдир. Аммо бу йўлда “шаффоф тўсиқ” пайдо бўлган ва уни ёриб ўтиш тобора мураккаблашмоқда.

Унинг таъкидлашича, можаролар ва урушлар сонининг ортиши эмлаш жараёнини жиддий секинлаштирган, айниқса паст ва ўрта даромадли мамлакатларда. 26 та беқарор, можароли ёки гуманитар инқироз ҳолатидаги мамлакатларда яшовчи болалар эмланмаслик эҳтимоли бўйича барқарор давлатлардагиларга қараганда уч баробар юқорироқ. Ҳисоботга кўра, эмланмаган болаларнинг ярми айнан ана шундай давлатларда яшайди.

Нигерия, Ҳиндистон, Судан, Конго, Эфиопия, Индонезия, Яман, Афғонистон ва Ангола сингари тўққиз давлат эмланмаган болаларнинг 52 фоизини ташкил этган. Шу билан бирга, ривожланган мамлакатларда эса эмлашга бўлган ишончсизлик, тиббиёт тизимларига бўлган шубҳа ва нотўғри маълумотлар сабаб касалликлар қайта авж олмоқда. 

UNICEF вакили сўнгги 50 йил ичида эмлаш орқали 150 млндан ортиқ бола ҳаёти сақлаб қолингани, аммо ҳозирги таҳдидлар ишончсизликдан далолат беришини айтган. 

АҚШда, айниқса, Ғарбий Техасда эмланиш даражаси паст бўлган ҳудудларда қизамиқ тарқалмоқда ва бу йил қизамиқ ҳолатлари охирги 25 йилдаги энг юқори даражага етган. 

Ҳисоботга кўра, эмлаш борасида молиявий ёрдамнинг камайиши ҳам хавотирли. АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) агентлиги қисқартирилган, GAVI ва бошқа вакциналарни етказиб берувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик заифлашган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ USAID томонидан амалга оширилаётган дастурларнинг молиялаштирилишини кескин қисқартириш 2030 йилгача дунё бўйлаб 14 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ UNICEF вакцина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг