Дунё осмони хавфли. Ўзбекистонлик учувчи Ақтаудаги ҳолат бўйича муносабат билдирди

Таҳлил

image

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учраганди. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 нафар шахс ҳалок бўлган, 29 нафари эса омон қолган. Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Аммо кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. 

Кеча, 28 декабрь куни эса Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолёти билан боғлиқ фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўради. Бунга сабаб сифатида эса у ўша  вақтда Грозний, Моздок ва Владикавказ Украина жанговар учувчисиз учиш аппаратлари томонидан ҳужумга учради ва Россия ҳаво мудофаа тизимлари бу ҳужумларни қайтараётганини келтирган.

Хўш, Путин келтирган сабаб қай даражада ишончли? Мазкур воқеадан сўнг кўплаб мамлакатлардан фарқли равишда Ўзбекистон ҳам Россияга парвозларни нима учун тўхтатмами? Умуман олганда, бугун дунё осмони қай даражада хавфсиз? Мазкур саволларнинг барчасига QALAMPIR.UZ ўзбекистонлик учувчи,  Air Samarkand авиакомпанияси ер усти хизматлари бошлиғи Алишер Суюновдан жавоб олди. Унинг айтишича, фавқулодда вазиятларда самолётни қўндиришнинг маълум  қоида ва тартиблари бор.

“Самолёт ҳавода фавқулодда вазиятга дуч келганда, ҳар бир учувчи халқаро авиация тартиб-қоидаларига асосланган қатъий протоколларга амал қилади. Халқаро Фуқаро Авиацияси Ташкилоти (ICAO)нинг қоидаларига мувофиқ, энг асосий мақсад – йўловчилар, экипаж ва самолёт хавфсизлигини таъминлашдир. Фавқулодда ҳолатда учувчи қуйидагиларни амалга оширади:
 • Вазиятни баҳолаб, энг яқин хавфсиз аэропортни аниқлайди.
 • Ҳаво ҳаракати диспетчерлик хизмати (ATC) билан боғланиб, рухсат сўрайди.
 • Йўловчиларни хавфсиз қўнишга тайёрлайди ва барча хавфсизлик чораларини кўради
”, деди Суюнов.

Шу сабабли ўзбек авиатори Россиянинг Озарбайжон самолётини қўндирмаслик қарорини маъқулламади. Унинг далиллашича, ҳар қандай ҳолатда ҳам Федерация халқаро нормаларга амал қилиши керак эди. 

“Россия Озарбайжон самолётини ўз ҳудудида қўнишга рухсат бермади. Россия томони бу ҳолатни Грозний, Моздок ва Владикавказ ҳудудларининг Украина дронлари ҳужумига учраганлиги билан изоҳлади. Бу қарор хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз ўзини оқлаши мумкин, аммо халқаро авиация қоидаларига кўра, фавқулодда вазиятларда ҳар қандай самолётга ёрдам кўрсатиш талаб этилади.
Бу ҳолатда хавфсизлик ва дипломатик мажбуриятлар ўртасидаги зиддият яққол намоён бўлди. Авиация хавфсизлиги фақат технологик воситалар билан эмас, балки давлатлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик ва ишонч билан таъминланади. Шунингдек, бортнинг гидравлика тизимини ишдан чиққан бўлиши ҳам мумкин. Чунки қўниш асносидаги белгилар шуни кўрсатади”, деди узоқ йиллик учувчи. 

Россиянинг Озарбайжон самолётига қилган муносабати кўплаб дунё авиарейсларини айни шу хавфсизлик сабаб иккилантириб қўйди. Оқибатда Қозоғистон, Туркманистон, Исроил, Дубай, Озарбайжоннинг ўз авиарейслари Россияга парвозларни вақтинча тўхтатди. Шунингдек, ўзбекистонлик депутат, “Миллий тикланиш” демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳам Россия ҳаво ҳудуди хавфсиз ё йўқлигини текшириш борасида тегишли ташкилотларга сўров юборган. Аммо  унинг бу сўровига ўша тегишлилиги айтилаётган ташкилотлар ҳозирча муносабат билдиргани йўқ. Uzbekistan Airways эса Россиянинг барча шаҳарларига, ҳатто Озарбайжон самолёти ҳалокатга учраган Маxачқалъа ва Грознийга ҳам рейслар амалга оширилмоқда. Нима учун Ўзбекистон осмони хавфли бўлган Россияга авиақатновларни тўхтатмаяпти? Air Samarkand авиякомпанияси ер усти хизматлари бошлиғи Алишер Суюнов буни иқтисодий алоқалар, геополитик нейтраллик ва  хавфсизликка ишонч билан изоҳлади.

“Ақтўбеда содир бўлган воқеалардан сўнг, кўплаб давлатлар Россия билан авиақатновларни тўхтатди. Аммо Ўзбекистон бу чорани амалга оширмади. Бу қарор қуйидагилар билан изоҳланади:
 • Иқтисодий сабаблар: Россия билан ҳаво йўлларини сақлаб қолиш меҳнат миграцияси ва иқтисодий алоқалар учун муҳим. Чунки миллионлаб Ўзбекистон ватандошлари у ерда фаолият юритмоқда. Ва биргина ҳодиса туфайли тўхтатиб қўйиш ўринсиз деб биламан.
 • Геополитик нейтраллик: Россия билан авиақатновларни давом эттириш сиёсий мувозанатни сақлаш воситаси сифатида қаралиши мумкин.
• Хавфсизликка ишонч: Ўзбекистон ҳудудида хавфсизлик масалалари назорат остида сақланмоқда”, дея жавоб берди Суюнов.

Аммо учувчи шу билан бирга, хавфсизлик чоралари кучайтирилиши лозимлигини уқтирмоқда. Хусусан қуйидаги ишлар амалга оширилиши керак:

• Россияга учувчи рейслар учун хавфсизлик таҳлиллари мунтазам ўтказилиши.
• Фавқулодда вазиятлар учун эҳтиёт чоралари ва режаларни мустаҳкамлаш ҳам керак.

Озарбайжон самолёти билан содир бўлган мазкур ҳолат самолётлар ҳалокатининг ягонаси эмас. Бугун, 29 декабрь куни тонгда Жанубий Кореядаги аэропортда бортида 181 киши бўлган самолёт ҳалокатга учради. Самолёт мамлакат жануби- ғарбидаги Муан халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва қўниш йўлаги ташқарисидаги тўсиққа урилиб, ёнган. Бундан ташқари, Канадада ҳам самолёт муваффақиятсиз қўнишдан сўнг ёниб кетди.

Аслида ҳам бундай ҳалокатлар ва муваффаққиятсиз қўнишлар авиация тизимида одатий ҳолми, ёки буларнинг бари бугун дунё осмонида хавф кўпаяётганидан далолатми?

“Авиацияда бундай ҳодисалар камдан-кам учрайди, аммо улар жиддий хавфсизлик саволларини туғдиради:
 • Пандемиядан кейин ҳаво ҳаракатининг кескин ошиши авиация тизимига қўшимча босимни келтириб чиқарди.
 • Техник хизмат кўрсатишдаги камчиликлар ва самолётларнинг эскириши хавфларни оширмоқда.
 • Геосиёсий можаролар ҳаво йўлларининг хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда”, деган сабабларни келтирди Алишер Суюнов.

Бироқ, унинг  айтишича, умумий рақамлар авиация ҳали ҳам дунёдаги энг хавфсиз транспорт воситаси бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Ўзбек учувчисининг асосларига кўра, авиацияда юқори даражадаги технологиялар, доимий назорат ва қўшимча хавфсизлик стандартлари сабабли фалокатлар эҳтимоли сезиларли даражада паст. Қурбонлар даражаси йўловчиларга таққослаганда 0.00002 фоиздир. Бу темирйўл, сувда ҳарвкатланувчи кемалар, автомабиллар иштирокидаги қурбонлардвн анча камдир.

Шундай бўлсада, у дунё осмонининг ҳозирги ҳолати ҳақида хавотир билдирмоқда.

“Сўнгги ҳодисалардан келиб чиқиб, Геосиёсий можаро, технологик қарамлик ва иқлим ўзгариши каби омиллар хавфсизликни таҳдид остига қўймоқда:
 • Украина-Россия можароси каби геосиёсий ҳолатлар ҳаво йўллари хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
 • Технологик муаммолар, жумладан автоматлаштирилган тизимлардаги носозликлар, хатоликларни ошириши мумкин.
 • Иқлим ўзгариши туфайли экстремал об-ҳаво шароитлари авиация учун қўшимча хавф яратмоқда”, деди у.

Бунда тажрибали ўзбек авиатори халқаро авиация ташкилотлари хавфсизликни таъминлаш учун технологияларни такомиллаштириш, кузатув тизимларини ривожлантириш ва хавф-хатарларни олдиндан аниқлашга катта эътибор қаратаётгани, бунинг натижасида дунё буйича 1 соатда 100 мингдан кўп харбий ёки тижорий ўчишлар амалга оширилаётганини эслатди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Россия Озарбайжондан кечирим сўрашдан ташқари, ўз айбига иқрор бўлиши, айбдорларни жазолаш, жиноий жавобгарликка тортиш ва Озарбайжон давлатига, жароҳатланган йўловчилар ва экипаж аъзоларига товон тўлаш кераклиги ҳақида очиқчасига баёнот берган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон Озарбайжон Ақтўбе самолёт ҳалокати учувчи Алишер Суюнов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг