Илҳом Алиев самолёт ҳалокати бўйича Россияга янги талаблар қўйди
Олам
−
29 Декабрь 2024
25200Россия Озарбайжондан кечирим сўрашдан ташқари, ўз айбига иқрор бўлиши, айбдорларни жазолаш, жиноий жавобгарликка тортиш ва Озарбайжон давлатига, жароҳатланган йўловчилар ва экипаж аъзоларига товон тўлаш керак. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бугун, 29 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳридаги авиаҳалокат оқибатида вафот этган экипаж аъзолари – капитан Игорь Кшнякин, учувчи Александр Калянинов ва стюардесса Ҳўкума Алиеванинг видолашув маросимидаги иштироки чоғи маълум қилди.
Алиевга кўра, бу Озарбайжоннинг шартлари. Улардан фақат кечирим сўраш талабигина бажарилди, холос.
“Бу бизнинг шартлар. Биринчиси кеча тақдим этилган эди. Умид қиламанки, бошқа талабларимиз ҳам қабул қилинади”, деган Алиев.
Маросим чоғида Озарбайжон раҳбари авиаҳалокат сабабини ҳам очиқлаб кетган. Унинг қайд этишича, самолёт ҳалокатининг якуний сабаби қора қутилар очилгандан сўнг маълум бўлади, бироқ Ақтауда ҳалокатга учраган самолёт “ердан қилинган ҳужум туфайли” шикастланган ва ушбу версиялар жуда асосли ва фактларга таянилган.
“Фактлар шундан иборатки, фуқаролик самолёти Россия ҳудудида, Грозний шаҳри яқинида ердан ўққа тутилган ва бошқарувни деярли йўқотган. Шунингдек, биз биламизки, самолётимиз радиоэлектрон кураш воситалари орқали бошқарилмас ҳолга келтирилган. Бу самолётга етказилган биринчи зарардир” деган Илҳом Алиев.
Озарбайжон етакчисининг қўшимча қилишича, Россия томони расмий равишда Озарбайжонга Давлатлараро авиация қўмитаси бу ишни ўрганишини сўраб таклиф киритган. Расмий Баку эса бунга қатъиян рад жавобини берган. Сабабини қуйидагича келтирган:
“Чунки ҳеч кимга сир эмас, бу қўмита кўпроқ Россия амалдорларидан ташкил топган ва қўмита бошида Россия фуқаролари туради. Бу ерда объективлик омиллари тўлиқ таъминланмаслиги мумкин эди. Агар авария содир бўлган заҳоти биз Россия томонидан адолатли ва адекват қадамларни кўрганимизда, эҳтимол бунга қарши чиқмаган бўлардик. Аммо биз кўрдикки, бу ерда масалани яширишга уринишлар очиқ-ойдин кўриниб турибди”, дейди Алиев.
Қолаверса, Президент ҳалокатни қушлар ва техник носозликка боғлашни аҳмоқгарчилик деб атади.
“Самолётни тешган парчаларнинг йўловчилар ва экипаж аъзоларига етказган жароҳатлари кўриниб турибди. Буни қандайдир қушлар билан боғлаш ёки газ баллонининг портлаши деб талқин қилиш ҳам аҳмоқлик, ҳам виждонсизликдир”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин кеча, 28 декабрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолёти билан боғлиқ фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўраган эди.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.
АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россияниг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди.
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси