Путин Озарбайжон Президентидан узр сўради
Олам
−
28 Декабрь
10905Россия Президенти Владимир Путин бугун, 28 декабрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолёти билан боғлиқ фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўради. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
"25 декабрь куни Қозоғистоннинг Актау шаҳри яқинида Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолётининг ҳалокатга учраши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Владимир Путин фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўради ҳамда қурбонларнинг оила аъзоларига яна бир бор чуқур ва самимий ҳамдардлик билдирди ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади", дейилади хабарда.
Шунингдек, суҳбат чоғида қатъий жадвал бўйича парвоз қилаётган Озарбайжон йўловчи самолёти Грозний аэропортига бир неча бор қўнишга урингани таъкидланди.
"Бу вақтда Грозний, Моздок ва Владикавказ Украина жанговар учувчисиз учиш аппаратлари томонидан ҳужумга учради ва Россия ҳаво мудофаа тизимлари бу ҳужумларни қайтарди.
Россия Тергов қўмитаси ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 263-моддаси (ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноий иш қўзғатди", дейилади хабарда.
Билдирилишича, бирламчи тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, фуқаролик ва ҳарбий мутахассислар сўроқ қилинмоқда. Ҳозирда Озарбайжон Бош прокуратурасининг икки ходими Грознийда бўлиб, у ерда Россия Федерацияси Бош прокуратураси ва Тергов қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда ишламоқда. Шунингдек, Россия, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг тегишли хизматлари Ақтау вилоятидаги табиий офат жойида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.
АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россияниг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди.
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси
Путин Тўқаевга ҳам ҳамдардлик билдирди.
28 Декабрь