ДТМ имтиҳон вақтидаги 15 млрд сўмлик харажатлари юзасидан изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Давлат харидлари портали маълумотларига кўра ДТМнинг сентябрь ойида тест синовларини ўтказишда абитуриентларга тарқатиш учун тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали 13,4 миллиард сўмлик кепка, қўлқоп, тиббий ниқоб, сув ва ручка харид қилгани ҳақидаги жадваллар тарқалганди. Уларда республика бўйлаб тест синовларини ўтказишга жалб қилинган ходимларнинг овқатланишига 1 миллиард 550 миллион сўмга яқин маблағ сарфлангани ҳам қайд этилган.

Давлат тест маркази сентябрь ойидаги тест синовлари учун харидлари ҳақида эълон қилинган маълумот юзасидан тушунтириш берди.

Марказ ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилган:

Давлат комиссиясининг 2020 йил 19 июлдаги 1-сон баёни билан Давлат тест маркази коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирларидан келиб чиқиб, 2020/2021-ўқув йили қабулида тест синовларида абитуриентларни тиббий ниқоб, қўлқоп, ручка, ичимлик сувлари, гуруҳ назоратчилари ҳамда ушбу жараёнга жалб этиладиган ходимларни сифатли тушлик билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида ички танлов асосида шартномаларни расмийлаштириши белгиланган.

Шунингдек, Давлат комиссиясининг 2020 йил 28 августдаги 3-сон баёни билан Давлат тест маркази 2020-2021-ўқув йили қабулида кириш тест синовлари очиқ стадионлар ва хиёбонларда ўтказилиши муносабати билан қуёш нуридан ҳимоялаш мақсадида, абитуриентларни бош кийим (кепка) билан таъминлаш учун ички танлов асосида шартномаларни расмийлаштиришга рухсат берилган.

“BOBURXON BN NODIRXON” корхонаси билан дастлаб тузилган шартномага биноан корхона 1 миллион дона бош кийим (кепка)ни 6 174 сўмдан 6 174 000 000 сўмга, 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи билан бирга 7 100 100 000 сўмга етказиб бериши керак бўлган. Лекин корхона белгиланган миқдорда бош кийимларни етказиб бера олмагани учун дастлабки шартнома бекор қилиниб, қўшимча келишув имзоланган ва 6 174 сўмдан жами 69 506 дона бош кийимни 429 130 044 сўмга, 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи билан бирга 493 499 550,60 сўмга етказиб берган. Мазкур корхона бош кийимларни етказиб бера олмагани учун бошқа корхоналар билан ҳам бош кийим етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган.

Гуруҳ назоратчилари ҳамда ушбу жараёнга жалб этиладиган ходимлар эрталаб 06:00 дан кечки 20:00 қадар 15 соат давомида тест синовлари ўтказиладиган ҳудудда бўлганлиги сабабли уларни сифатли тушлик билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда турли корхоналар билан шартномалар имзоланган. Бунда энг қиммат шартнома Тошкент шаҳри учун имзоланган бўлиб, 13 кунга 12610 дона тушлик (бир марталик идиш, овқат, салат, нон, сув, булочка)нинг ҳар бирига 31 000 сўмдан (етказиб бериш билан бирга) жами 390 910 000 сўмга имзоланган.

Ундан кейинги энг қиммат шартнома Самарқанд вилоятида имзоланган, бунда 12 кунга 5467 дона тушликнинг ҳар бирига 25 000 сўмдан жами 136 675 000 сўмлик шартнома имзоланган.

Давлат тест маркази директори Мажид Каримов 2020 йил 12 августда ОТМга кириш имтиҳонлари вақтида абитуриентларга тиббий воситалар, ручка ва ичимлик суви бепул берилиши, шунингдек вазият эътиборга олиниб, уларга бош кийим бериш режалаштирилаётганини маълум қилганди. У мазкур буюмларнинг ҳаммаси давлат томонидан бепул берилишини айтган. Кейинчалик ДТМ ахборот хизмати 2020/2021-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари очиқ майдонларда ташкил этилаётгани сабабли, абитуриентлар хоҳишига кўра тест синовларига бош кийим (кепка) билан келишлари мумкинлигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

имтиҳон ДТМ

Баҳолаганлар

61

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг